Қозоғистон Европа Иттифоқи билан Россия орқали кўмир экспортини қайта тиклашга келишиб олди

gov.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати Европа Иттифоқи билан Россия портлари орқали қозоқ қўмири транзитига оид операцияларни тақиқдан озод қилишга келишиб олди. Бу ҳақда республика Савдо ва интеграция вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Россиянинг бир қатор портлари орқали юклар ташилишини тақиқлаш 2025 йил февралида ЕИнинг 16-санкция пакети доирасида жорий этилган. Бу эса Қозоғистон кўмирининг Европа мамлакатларига экспорти барқарорлигига хавф туғдирган. «Масалан, Уст-Луга порти азалдан Қозоғистон кўмирининг Европага транзити нуқтаси сифатида фойдаланилган», — дейилади Савдо ва интеграция вазирлиги баёнотида.

Республика ҳукумати вакиллари Европа томони билан музокаралар олиб борган. Санкция режимига ўзгартириш киритиш бўйича расмий сўров Европа Комиссиясига юборилган.

«18-санкция пакети доирасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг, Европа томони Қозоғистон кўмирининг транзити бўйича Россиянинг айрим портлари билан операцияларни тақиқлашдан озод қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритди», — дея тушунтирди вазирлик.

Шу билан бирга, кўмир фақат Қозоғистондан бўлиши керак. Юк санкцияларга дучор бўлган мамлакатлар шахсларига тегишли бўлмаслиги керак ва портлардан фақат транзит, юклаш ёки жўнатиш учун ҳудуд сифатида фойдаланиш мумкин.

2022 йили Қозоғистоннинг Европа Иттифоқига кўмир экспорти ҳажми 419,2 миллион доллар эвазига 4,4 миллион тоннани ташкил қилган (умумий кўмир экспортининг 45 фоизи улуши). 2023 йили — 6,1 миллион тонна 382 миллион долларга (54,3%). 2024 йили — 312,5 миллион долларга (51,8%) 5,2 миллион тонна. Жорий йил бошидан буён экспорт атиги 1,6 миллион тоннани ташкил этиб, 82,9 миллион долларга ёки умумий кўмир экспортининг 38,5 фоизини ташкил этган. Республика ҳукумати қабул қилинган тузатишлар аввалги кўрсаткичларни тиклаш имконини беради, дея умид қилмоқда.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди