Бу йил қиш мавсумида Тожикистон энергия таъминотидаги ички муаммолар туфайли Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 25 фоизга қисқартиради. Бу ҳақда Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) миллий энергия компанияси раҳбари Абдул Бари Умар маълум қилди, деб хабар беради Amu.tv.
Умар Афғонистон анъанавий равишда электр энергиясининг салмоқли қисмини Тожикистондан олишини, хусусан, Кобул ва бир қатор вилоятлар унга боғлиқлигини таъкидлайди. Тожикистон Афғонистонга йилига ўртача 150 МВт электр энергияси етказиб беради. Тожикистон расмийлари DABSни қишда таъминот камайиши ҳақида огоҳлантирган.
Маҳаллий энергия ресурсларининг тақчиллигини ҳисобга олган ҳолда, мамлакат эҳтиёжларининг муҳим қисми (кунлик 1500 МВтдан тахминан 720 МВт) асосан Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистондан импорт қилинадиган электр энергияси ҳисобига қопланади.
Айни пайтда Афғонистонда электр энергиясига талаб ортиб бормоқда. DABS сўнгги ойлар тармоққа янги мижозларни қўшган ҳолда қўшимча 80 МВт қувват қўшган, бу эса тизимга қўшимча юк бўлган. Кобул аҳолиси электр энергияси олдинги йилларга қараганда узоқроқ ва тез-тез узилаётгани ҳақида хабар берган.
DABS маълумотларига кўра, Афғонистон аҳолисининг атиги 40 фоизи электр энергияси билан таъминланган ва импортдаги ҳар қандай узилишлар аҳоли ва бизнес учун жиддий қийинчиликларга олиб келади.
Афғонистоннинг энергетика сектори учун қўшимча муаммоларга маҳаллий ёқилғи генерациясининг паст даражада экани сабаб бўлмоқда. Давлат нефть компаниясининг таъкидлашича, маҳаллий ишлаб чиқариш мамлакатнинг йиллик эҳтиёжининг атиги 7-8 фоизини қоплайди, қолган қисми импорт қилинади, шу жумладан йилига 3,5 миллион тонна нефть. Маҳаллий ишлаб чиқариш кунига 600-700 тоннадан ошмайди.
Июнь ойи бошида мамлакатнинг Амударёдаги энг йирик нефть конини ўзлаштириш бўйича Хитой компанияси билан тузилган шартнома уч йиллик кечикишлардан сўнг бекор қилинган эди. Афғонистон ҳукумати мазкур лойиҳани қайта бошлаш учун янги инвесторларни қидирмоқда.