Суд қарори билан Туркия депортация марказидан озод этилиши керак бўлган туркман мухолифат блогерлари Алишер Сахатов ва Абдулла Орусов 24 июлдан бери алоқага чиқмаяпти, дея хабар беради Human Rights Watch.
HRW баёнотида қайд этилишича, Сахатов ва Орусов 28 апрелдан бери депортация марказларида сақланаётган эди. 13 июнь куни биринчи инстанция суди миграция органларининг уларни чиқариб юбориш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдирган, бироқ 14 июль куни Конституциявий суд депортацияни вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор чиқарган ва бу ҳақда Туркия миграция органларини дарҳол хабардор қилган. 24 июль куни Эдирнедаги депортация маркази уларнинг озод қилингани ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман Хельсинки фонди (ТХФ) маълумотларига кўра, Сахатовнинг рафиқаси Гуллала Гасанова эри билан охирги марта 24 июль куни кечқурун телефон орқали гаплашган ва у ҳали ҳам депортация марказида эканини айтган. 28 июль куни Гасанова ўзи яшаб турган Синоп шаҳар полициясига эри бедарак йўқолгани ҳақида ариза берган. Унга хабар берилган куни Сахатов ҳам, Орусов ҳам Туркия давлат чегарасини кесиб ўтмагани ёки Туркиядаги ҳеч қандай ҳибсхонада бўлмагани маълум қилинган. 29 июль куни Синоп прокуратураси эркакларнинг ғойиб бўлиши бўйича жиноий иш қўзғатган. Гасанова ва Сахатовнинг адвокати Эдирне депортация марказидан кузатув камераси тасвирлари билан танишишни сўраган.
Turkmen.news нашри ўз манбасига таяниб, Алишер Сахатов ва Абдулла Орусов 28 июль куни эрталаб Туркманистонга олиб келингани ҳақида хабар беради. Агар бу тасдиқланса, бу турк ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолларни депортация қилишни тўхтатишга оид суд қарорини бузганини билдиради.
HRW Туркия ҳукуматини Алишер Сахатов ва Абдулла Орусовнинг туркман ҳукуматига экстрадиция қилинмаслигини таъминлашга чақиради.
«Алишер Сахатов ва Абдулла Орусовга Туркияда жиддий зарар кўриш ёки Туркманистонга яширинча жўнатишлиш хавфига дуч келиши мумкин. Туркия ҳукумати уларларнинг ғойиб бўлиши бўйича тезкор ва самарали тергов ўтказилишини таъминлаши ва уларни Туркманистонга депортация қилинишига йўл қўймасликлари керак, зеро у ерда улар жиддий таъқиблар хавфига дучор бўлишади», — деди HRWнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори ўринбосари Рейчел Денбер.
ℹ️ Алишер Сахатов ва Абдулла Орусов 28 апрель куни Туркиянинг Синоп шаҳрида қўлга олиниб, Анқарадаги депортация марказига олиб кетилган. Май ойи бошида Туркия ҳукумати Орусов ва Сахатовни халқаро ҳимоядан расман рад этди. Улар рад этиш юзасидан апелляция беришди, бироқ Туркия қонунлари уларни суд қароригача депортация қилишга рухсат беради. Туркман Хельсинки фондига кўра, бунга чет элликлар ва халқаро ҳимоя тўғрисидаги қонуннинг 54-моддаси d ва i бандлари («жамоат тартиби ёки жамоат хавфсизлиги ёки жамоат саломатлигига таҳдид солувчи шахслар») депортацияга асос бўлади.
Сўнгги йилларда Туркия Туркманистон билан мухолифат вакилларини экстрадиция қилиш бўйича фаол ҳамкорлик қилмоқда. Депортация қилинган фаолларнинг ўз ватанида қаттиқ таъқибга учрагани ҳақида мисоллар мавжуд: масалан, Фарҳод Мейманқулиев 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, айрим фаолларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.