Туркия прокуратураси бир гуруҳ ёшларни ҳукумат маълумотлар базасидан шахсий маълумотларни, жумладан, мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва бир қанча вазирларнинг идентификация рақамларини ўғирлаш ва сотишда айблади. Бу ҳақда mk-turkey.ru интернет нашри хабар берди.
Таъкидланишича, айблов хулосасида 20 нафар шахс номи келтирилган бўлиб, улардан 13 нафари 2021 йили содир этилган жиноят вақтида вояга етмаган бўлган. Назорат агентлиги хакерлар ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва таълим вазирликлари назорати остидаги платформаларга, шунингдек, бошқа бир қатор бошқармалар, суғурта компаниялари ва давлат ҳокимияти органларининг сайтларига ноқонуний киришганини даъво қилмоқда.
Расмийлар айблови жиноятчилар турк фуқароларининг шахсий маълумотларидан электрон ҳужжатларни, хусусан, академик ва полиция гувоҳномалари, мулкий гувоҳномалар, дори-дармонлар учун рецептлар ва бошқаларни сохталаштириш ва кейин сотиш учун фойдаланганига асосланади. Тергов материалларида таъкидланишича, жиноятчилар Интернетда мижозларга, масалан, зарур бўлган касаллик гувоҳномасини тайёрлашни таклиф қилишган. Шунингдек, хакерлар Эрдўғоннинг ҳақиқий 11 хонали идентификация рақами ва бир нечта вазирлар ҳақида шунга ўхшаш маълумотларга эга бўлгани кўрсатилган.
Ҳукумат маълумотлар базаларининг ўғирланиши 2021 йили Туркия Президенти ҳузуридаги алоқа бошқармасига бир фуқаронинг ариза билан мурожаат қилганидан сўнг аниқланган. 2022 йил апрель ойидан хавфсизлик кучлари гумондорларни ҳибсга олишни бошлаган. Яқинда прокуратура ёш йигитларга қарши расмий айблов эълон қилди — бу иш бўйича айбланувчилар 15 йилгача қамалиши мумкин.
Дарвоқе, Туркияда яна бир шунга ўхшаш текширув олиб борилмоқда, унда полиция фойда олиш мақсадида кенг турдаги ҳужжатларни яратишда мансабдор шахсларнинг электрон имзоларини клонлаштирган 35 кишини аниқлади. Бунда гап дипломлар, ҳайдовчилик гувоҳномалари ва шахсий гувоҳномаларнинг йирик миқёсда қалбакилаштирилиши ҳақида кетмоқда.
Туркияда давлатнинг юқори мансабдор шахслари ҳақидаги маълумотларни ўғирлаш билан боғлиқ можаролар аввал ҳам содир бўлган. Шу тариқа, 2016 йилда бир гуруҳ номаълум шахслар 50 минг кишининг шахсий маълумотларини, жумладан, президент ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка эълон қилган. Боз устига, жиноятчилар ўз ҳаракатлари, хакерларнинг фикрича, «мамлакатни таниб бўлмас даражада вайрон қилаётган» Эрдоғонга қарши қаратилганини даъво қилишган.