Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Польшада ҳарбий атташе ёрдамчиси ҳибсга олинганини тасдиқлади

t.me/modgovkz фотосурати

Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг Халқаро алоқалар маркази Қозоғистон ҳарбий атташеси идораси ходими Польша ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинганини тасдиқлади. Бу хабар 13 август куни марказнинг Telegram-каналида пайдо бўлди.

«Ҳозирда биз ушбу вазиятни ҳал қилиш учун хорижий томон билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Қозоғистон Республикаси фуқаросининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда», — дейилади хабарда. Бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

Август ойи бошида Польша ҳукумати постсовет Марказий Осиё давлатларидан бирининг дипломати жосусликда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида хабар берганди. Ўшанда унинг қайси давлат учун ишлагани айтилмаганди. Икки кун аввал КазТАГ агентлигининг манбаси қўлга олинган шахс Қозоғистоннинг Украинадаги элчихонаси ҳарбий атташеси ёрдамчиси эканини маълум қилди. Худди шундай хабар «КазИнформ» давлат агентлиги сайтида ҳам пайдо бўлди, бироқ матн у ердан дарҳол олиб ташланди.

Қозоғистоннинг Elmedia нашри хабарига кўра, ҳибсга олиш 30 июль куни бўлиб ўтган. Нашр манбаси гумонланувчининг исм-шарифини ҳам маълум қилган – Ануар Б. «Унинг дипломатик дахлсизлиги фақат Украинада амал қилган, бироқ учинчи давлатда мазкур шахснинг ҳибсга олиниши ва айбланишига ҳеч нарса тўсқинлик қилмаган», — дейилади мақолада.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ