ХМТ: Ўтган бир ой ичида 1000 га яқин афғон Тожикистондан депортация қилинди

"Азия-плюс" сайтидаги архив фотосурат

Сўнгги бир ой ичида 1000 га яқин Афғонистон фуқароси Тожикистондан мажбуран депортация қилинди, деб хабар берди Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ).

Ташкилот маълумотларига кўра, 17 июлдан 10 августгача Афғонистон-Тожикистон чегарасидаги «Панжи Поён-Шерхон Бандар» чегара пункти орқали 1647 нафар фуқаро Афғонистонга қайтган, улардан 976 нафари мажбуран депортация қилинган, қолганлари ўз ихтиёри билан қариндошларини кўриш учун ёки бошқа шахсий сабабларга кўра чегарани кесиб ўтган.

Депортацияларнинг кучайиши Тожикистон ҳукумати томонидан чоралар кучайтирилган вақтга тўғри келди. 7 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода афғонлар мамлакатдан чиқариб юборилаётганини расман тасдиқлаб, депортация қилинган шахслар маҳаллий қонунчиликни бузганини таъкидлади. Расмийлар зарур ҳужжатларнинг йўқлиги, мамлакатдан транзит ҳудуд сифатида фойдаланиш, ноқонуний фаолият билан шуғулланиш, қочқинлик мақомини олиш учун мурожаат қилишда ёлғон маълумотлар бериш каби сабабларни кўрсатишмоқда.

Июль ойи бошида, ОАВ хабарларига кўра, Тожикистондаги афғон муҳожирларига мамлакатни тарк этишлари учун 15 кун муҳлат берилган. Ўшандан бери расмийлар, биринчи навбатда, Душанбе, Ваҳдат ва Рудакий туманида кенг кўламли ҳибс ва депортацияларни бошлаган. Кўплаб афғонлар ўз иш жойларида ҳибсга олинган, оилалар ҳар доим ҳам қариндошларининг қаердалиги ва тақдири ҳақида маълумот ололмайдилар.

Норасмий маълумотларга кўра, Тожикистонда бугунги кунда 10 мингдан ортиқ Афғонистон фуқароси истиқомат қилади, уларнинг аксарияти депортациядан қўрқиб, яширинишга мажбур. Халқаро ташкилотлар Тожикистон ҳукуматини қочқинлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва қайтганларнинг хавфсизлигига таҳдид соладиган оммавий депортациялардан тийилишга бир неча бор чақирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ