Қирғизистон давлатига тегишли «Элдик Банк» Beeline Қирғизистон бренди остида фаолият юритувчи «Скай Мобайл»нинг 100% акцияларини сотиб олди. Бу ҳақда 13 август куни мамлакат президенти матбуот хизмати хабар берди.
Матбуот хизмати стратегик телекоммуникация активини харид қилиш давлат сиёсатининг бир қисми бўлиб, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва миллий манфаатларни мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлади.
«Скай Мобайл» акциялари илгари VEON Ltd халқаро холдинги ва Қозоғистоннинг «Верный Капитал» гуруҳи таркибига кирувчи Crowell Investments Ltd инвестиция компаниясига тегишли бўлган. Битим суммаси ошкор қилинмаган. «Элдик Банк» Beeline Қирғизистон жамоаси, операцион модел ва мавжуд мижозлар базасини сақлаб қолган ҳолда, ҳозирги бренд остида ишлашда давом этишини таъкидлади.
ℹ️ Beeline Қирғизистон республикадаги энг йирик уяли алоқа операторларидан биридир. Компания 2006 йилдан буён «Бител» бренди остида, 2009 йилдан эса халқаро Beeline бренди остида фаолият юритади. 2010 йили у VEON Ltd гуруҳига кирди.
Beeline Қирғизистонда давлат назоратига ўтган иккинчи йирик уяли алоқа операторига айланди. 2023 йили ягона таъсисчиси Қирғизистон Молия вазирлиги бўлган Давлат тараққиёт банки «Альфа Телеком» компаниясини (MEGA савдо белгиси) 14,8 миллиард сомга (тахминан 169 миллион доллар) сотиб олди.