Тошкент ҳокимияти 15 та тунги автобус йўналишини ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди

gazeta.uz сайти фотосурати

Тошкент ҳукумати тунги вақтда қатновчи автобусларни йўлга қўймоқчи. Бу борада 15 та янги йўналиш пайдо бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Аллаёр Норбўтаев шаҳар Кенгаши сессиясида гапирди, деб ёзади «Газета.uz».

Мулозимнинг таъкидлашича, тунги жамоат транспортини ташкил этиш Республика президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарорида кўзда тутилган. Норбўтаевнинг сўзларига кўра, автобуслар соат 22:00 дан 6:00 гача йўналишда бўлади.

Шаҳар ҳокимияти йўналишлар аэропорт, вокзал, метро бекатлари, сайёҳлик кўчалари, савдо ва кўнгилочар марказлар, йирик бозорлар, талабалар ётоқхоналари ва шифохоналар орқали ўтишини таклиф қилмоқда. Шундан келиб чиқиб, 15 та йўналиш белгиланиб, улар бўйича 54 та транспортдан фойдаланиш режалаштирилган. Биринчи босқичда автобуслар орасидаги интервал 30 дақиқани ташкил қилади.

Транспорт бошқармаси вакили уларни кундузги яшил автобуслардан фарқлаш учун уларни алоҳида қизил рангга бўяш таклифи бўлганини таъкидлади. Автобус йўналишлари рақамлари ҳам Т1, Т2, яъни «тунги автобус» сифатида белгиланади.

Ҳокимлик ходимининг қўшимча қилишича, лойиҳани амалга ошириш учун йўловчи ташишдан олинадиган даромадни ҳисобга олмаганда, пойтахт бюджетидан қарийб 33 миллиард сўм (2,6 миллион доллардан ортиқ) маблағ талаб этилади.

Шунингдек, у тунги йўналишлар учун кундузги тарифни белгилаш таклиф қилинаётганини айтди: электрон тизим орқали тўлов амалга оширилганда 1700 сўм (0,14 АҚШ доллари) ва бир марталик QR чиптаси учун 3000 сўм (0,24 АҚШ доллари).

Шу билан бирга, расмийнинг сўзларига кўра, Туризм комиссия тунги нархни қимматлаштиришни режалаштирган. Аммо транспорт бошқармаси бу фикрни қўллаб-қувватламаган.

«Транспорт бошқармаси томонидан буни бир хил қилиш тарафдоримиз, чунки кечқурун фақат пули бор одам юрмайди. Пули йўқ одамлар ҳам, масалан, шифохонага бориши керак бўлиб қолади ёки ўзининг автомобилидан воз кечган ҳолда оиласи билан кечки сайрга чиқишади», — деди Норбўтаев.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ