Маҳалла аҳолиси чиқинди техникасининг келиш вақтини онлайн кўриш имкониятига эга бўлади

gazeta.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга ҳар бир маҳаллага чиқинди техникасининг келиш вақти ва ҳаракатини онлайн кузатиш тизимини яратиш вазифасини топширди. Ушбу ташаббус давлат раҳбарига чиқиндиларни қайта ишлашни кенгайтириш чора-тадбирлари тақдимотида тилга олинди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Республика раҳбари ижтимоий муассасалар ва маҳаллаларни чиқинди контейнерлари билан тўлиқ таъминлаш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқиш бўйича масъулларга топшириқ берди. Аҳолида экологик маданиятни боғча ва мактабдан бошлаб шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.

Тақдимотда чиқиндиларни қайта ишлаш борасида катта ишлар амалга оширилаётгани, замонавий ёндашувлар жорий этилаётгани таъкидланди. Охирги уч йилда тегишли тадбирларга 2 триллион сўмдан ортиқ (160 миллион долларга яқин) маблағ ажратилди. Ўтган йили Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Чиқинди корхоналари учун 1 минг 200 та янги техника олиб берилди. Маҳаллаларда чиқинди майдончалари қурилди. Тўплаш ва ташиб кетиш яхшилангани натижасида бу тармоқ иккиламчи хомашё манбаига айланди.

Авваллари давлат монополиясида бўлган соҳада тадбиркорликка йўл очилиб, қулай бизнес муҳити яратилди. Жумладан, санитар-тозалаш ҳамда чиқиндини қайта ишлаш корхоналари учун фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди. Четдан олиб келинадиган техника ва ускуналар импорт божидан озод қилинди. Натижада 200 га яқин санитар-тозалаш ва 290 та чиқиндини қайта ишлаш корхоналари очилди.

Бироқ, ҳали амалга ошириладиган ишлар кўп, чунки расмийларга кўра, мамлакатда йилига 14 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади, аммо унинг атиги 5 фоизи қайта ишланади.

Чиқиндини ёқиш орқали энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда. Хитойлик инвесторлар 6 та вилоятда шундай заводлар қураяпти. Давлат чиқинди утилизацияси учун уларга тўлов қилиш билан бирга, ҳосил бўлган энергияни сотиб олиш бўйича ҳам мажбурият олаяпти.

Яқинда Тошкент шаҳрида тиббиёт чиқиндисини ёқиб, иссиқлик оладиган иккита корхона ишга туширилди. Яна Самарқандда 2 та, қолган ҳудудларда биттадан шундай заводлар қурилиши мўлжалланган.

Мутахассисларнинг фикрича, маиший чиқиндиларнинг чорак қисмини қоғоз, пластмасса, резина, шиша, тўқимачилик чиқиндилари ташкил этади. Ушбу материалларни қайта ишлаш натижасида 1 триллион сўмлик (80 миллион долларга яқин) хомашё ишлаб чиқариш мумкин. Бундан ташқари, республикада қайта ишланмайдиган қурилиш, кимё, электрон, техник ва саноат мойлари бўйича катта захира борлиги кўрсатиб ўтилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ