Туркия ҳукумати туркман фаоллари ва блогерлари Алишер Сахатов ва Абдулла Орусовларни ватанига депортация қилди. Бу ҳақда адвокат Гулден Сонмезга таяниб, «Хроника Туркменистана» нашри хабар берди.
Туркия давлат идоралари депортация иши бўйича расмий ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортмоқда. Ҳозирча бошқа тафсилотлар йўқ.
Сахатов ва Орусов 24 июлгача депортация марказида сақланди, шундан сўнг улар билан алоқа узилиб қолган. Адвокатларнинг сўровларига жавобан Бурса полицияси блогерлар Туркияни тарк этмагани ҳақида жавоб берган. Кейинроқ Синоп полицияси ва прокуратураси етарли далил йўқлиги сабабли уларнинг ғойиб бўлиш ишини ёпиб қўйди.
ℹ️ Алишер Сахатов ва Абдулла Орусов 28 апрель куни Синопда қўлга олинган ва Анқарадаги депортация марказига олиб кетилган. Май ойи бошида уларга халқаро ҳимоя берилмади, бироқ улар апелляция беришди. 13 июнь куни биринчи инстанция суди миграция органларининг блогерларни депортация қилиш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдирган, бироқ 14 июль куни Конституциявий суд депортацияни вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида ажрим чиқарган ва бу ҳақда миграция органларини хабардор қилган. 24 июль куни Эдирнедаги депортация маркази уларнинг озод қилингани ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этди. Бироқ, туркман фаоллари алоқага чиқишмаган.
Туркия қонунчилиги хорижликларнинг айрим тоифаларини якуний суд қарори чиқарилгунга қадар депортация қилишга рухсат беради. Туркман Хельсинки фондига кўра, бунга чет элликлар ва халқаро ҳимоя тўғрисидаги қонуннинг 54-моддаси d ва i бандлари («жамоат тартиби ёки жамоат хавфсизлиги ёки жамоат саломатлигига таҳдид солувчи шахслар») депортацияга асос бўлади.