Қозоғистон ҳукуматида оилавий-клан тизими йўқ. Бу ҳақда 15 август куни ўқитувчилар конференциясида республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маълум қилди, деб хабар беради Оқўрда.
«Давлат хизматида меритократия тамойили (бошқарув тамойили, унга кўра, энг қобилиятли кишилар энг юқори бошқарув лавозимларини эгаллаши керак – таҳр.изоҳи) ўрнатилмоқда. Давлат бошқарувида оилавий-клан тизими йўқ. Инсонларни лавозимларга тайинлашда биринчи навбатда билим ва касбий маҳорат ҳисобга олинади», — деди президент.
«Бугун биз бутун бир халқ бўлиб бирлашиб, адолатли, тоза ва кучли Қозоғистонни қурмоқдамиз. Миллатнинг янги сифатини шакллантириш учун муҳим ислоҳотларни бошладик. Бу кенг кўламли ва мураккаб иш бўлиб, бу борада салмоқли натижаларга эришилди. Сиёсий тизим тўлиқ янгиланди, янги иқтисодий йўналиш белгиланди. Жамиятимиз тубдан ўзгариб бормоқда, фуқароларнинг онги ўзгариб бормоқда», — дея қўшимча қилди у.
Давлат раҳбари таъкидлашича, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ «қонун ва тартибни эъзозлаш метин тамойилга айланиб бормоқда».
«Бир сўз билан айтганда, Қозоғистон тараққиётнинг сифат жиҳатидан янги босқичига қадам қўйди», — дея хулоса қилди у.
Республиканинг аввалги раҳбари 85 ёшли Нурсултон Назарбоев 30 йил давомида давлат раҳбари лавозимида ишлаган. 2019 йили у истеъфога чиқишини эълон қилиб, республикадаги ўзгаришларни давом эттирадиган янги авлод раҳбарларининг ҳокимиятга келиши зарурлигини таъкидлаган. Назарбоев ўз ваколатларини ўша пайтда Сенат спикери бўлган Қосим-Жўмарт Тўқаевга топширди. 2019 йил июнь ойида Тўқаев президентлик сайловларида ғалаба қозонганди. 2022 йил ноябрида у навбатдан ташқари сайловларда Қозоғистон президенти этиб қайта сайланди.
2022 йил январидаги тартибсизликлардан сўнг Назарбоев амалда мамлакат ички ва ташқи сиёсатидаги иштирокини тўхтатди. Унинг бир қанча оила аъзолари ва яқин доиралари давлат лавозимидан айрилди, айримлари жиноий жавобгарликка тортилди.