Тошкентда қарийб 290 млн долларлик Олимпия шаҳарчаси қурилиши якунланди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Тошкентда Олимпия шаҳарчаси қурилиши якунланди. Қарийб 290 миллион долларлик ушбу лойиҳа CАМC Engineering компанияси томонидан халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилди, деб хабар беради 18 август куни янги спорт мажмуасини бориб кўрган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев матбуот хизмати.

Шаҳарчада 5 та асосий спорт мажмуаси жойлашган. Хусусан, Велодром мураккаб муҳандислик ечимлари асосида, ўзига хос дизайнда қурилган. Унинг ёғоч қопламаси сифати, траекторияси ва бурилиш бурчаклари Халқаро Олимпия қўмитаси талабларига жавоб беради. Жумладан, йўлак энг мустаҳкам дарахтлардан ясалган, қаватма-қават ётқизилган. Бу сифат мунтазам сақланиши учун велодромда йил давомида бир хил ҳарорат таъминланади. Шунингдек, мажмуа кўп функцияли бўлиб, бу ерда стол тенниси, қиличбозлик бўйича мусобақа ва машғулотлар ўтказиш ҳам мумкин.

Президент стол тенниси ҳаммабоп, арзон ва қулай спорт эканини таъкидлаб, ҳар бир мактаб ва маҳаллада уни оммалаштириш, анжомларини ишлаб чиқариш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шаҳарча марказида 12 минг ўринли стадион жойлашган. Халқаро турнирлар пайтида бу ерда тантанали маросимлар ташкил этилади. Асосийси, яшил майдон ва 9 қаторли югуриш йўлагида енгил атлетиканинг 48 та йўналиши бўйича мусобақалар ўтказилади. Жумладан, жаҳон чемпионати, Бриллиант лигаси, параатлетика баҳслари, кўзи ожизлар ўртасида IBSA ўйинларини ташкил этиш мумкин. Бошқа пайтларда стадиондан маҳаллий ўқув-йиғинлар, амалий машғулотлар орқали дуал таълимда фойдаланилади.

Давлат раҳбари енгил атлетика ва паралимпия йўналишлари аҳоли саломатлиги учун катта аҳамиятга эга бўлиб, Олимпия ва Осиё ўйинлари дастурларида кенг ўрин олган, бироқ Ўзбекистонда бу борадаги салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаётганини таъкидлади. Президент шу омилни инобатга олган ҳолда «спорт маликаси»нинг барча йўналишларини ривожлантириш, шунингдек, ҳудудлардаги объектларни реконструкция қилиш, хорижлик мураббийларни жалб этиш, спортчилар маҳоратини ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шаҳарчада замонавий сув спорти саройи барпо этилди. Улкан сув спорти саройи ҳам замонавий ва қулай. Унда 25х50 метрли сузиш ва 25х20 метрли сувга сакраш ҳавзалари, машғулотлар учун бассейн ва тренажёр заллари бор. Барча шароитлар ва ўлчамлар халқаро олимпия стандарти талабларига жавоб беради. Яқинда World Aquatics федерацияси делегацияси мажмуани кўрикдан ўтказди ва буни тасдиқлади. Яъни, бу ерда сузиш, сувга сакраш, синхрон сузиш, сув полоси бўйича қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Олимпия дастуридаги нуфузли мусобақаларни ташкил этиш имконияти бор. Уларни 2 мингдан зиёд мухлислар томоша қилиши мумкин.

Жамоавий ва яккакураш спорт турлари мажмуалари ҳам халқаро талаблар даражасида бунёд этилган. Уларнинг ҳар бири уч қаватли, 2 минг ўринли. Жумладан, биринчисида волейбол, баскетбол ва гандбол бўйича машғулот ва халқаро мусобақаларни ўтказиш мумкин. Яккакурашлар мажмуаси дзюдо, бокс, таэквондо каби спорт турларини ривожлантиришга асос бўлади.

Шунингдек, Олимпия шаҳарчасида футбол, волейбол, теннис, чим устидаги хоккей ва енгил атлетика учун 15 та очиқ майдон барпо этилди. Тез орада паралимпиячилар учун 400 ўринли ётоқхона ҳамда Спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фойдаланишга топширилади. Маълум бўлишича, барча иншоотлар энергия тежамкор бўлади. Автотураргоҳлар устида қуёш панеллари ўрнатилади.

Спорт мажмуаси қурилиши 2022 йил ноябрь ойида бошланган. Ўшанда Мирзиёев Олимпия шаҳарчаси халқнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзига айланиши, меъморий жиҳатдан мукаммал, энергия тежамкор ва энг илғор инновацион ечимларни мужассам қилган замонавий мажмуа бўлишини таъкидлаганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ