Қирғизистон Бош вазири ўринбосари, Адлия вазири ва Миллий стратегик ташаббуслар институти директори Аяз Баетов шифокорлар учун «чой пули»га ўхшаш ихтиёрий қўшимча тўлов механизмини жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда 19 август куни бўлиб ўтган давлат тизимини бюрократизациядан чиқариш бўйича идоралараро комиссия йиғилишида маълум бўлди, деб хабар беради ҳукуматнинг «ГОСИНФО» расмий Telegram-канали.
«Официантга «чой пули» бериш — яхши одоб, шифокорга «чой пули» бериш — пора, бу нотўғри! Биз молиявий автономия доирасида ихтиёрий қўшма тўлов концепциясини кўриб чиқиш учун тиббий комиссияга (аниқроғи, идоралараро комиссия. – «Фарғона» изоҳи) юбормоқдамиз», –дея Баетовнинг сўзларини келтиради канал.
Кейинчалик, Баетов ижтимоий тармоқларда «чой пули»ни мутлоқ қонунийлаштириш ҳақида эмас, балки шаффоф ихтиёрий қўшимча тўлов имкониятлари муҳокама қилинаётганини ёзди.
«Мутахассислар [йиғилишда] бугунги кунда фуқароларнинг шифокорларга ихтиёрий миннатдорчилик билдиришлари амалда де-факто кенг тарқалганини, масалан, туғруқхоналарда кенг тарқалганини ва формал белгиларга кўра, бу жиноят эканини ва шифокор ҳибсга олиниши мумкинлигини таъкидлайдилар», — деб тушунтирди Адлия раҳбари.
Унга кўра, йиғилишда «ихтиёрий қўшимма тўлов» механизми жорий этилса, у тўлиқ шаффоф бўлиши кераклиги айтилган: тўловлар фақат касса орқали, тиббий хизматлар кўрсатилгандан сўнг, рақамли назорат остида ва фақат белгиланган максимал миқдор доирасида амалга оширилади – масалан, 3-5 минг сом (34-57 доллар) чегараси муҳокама қилинган. Бундай ёндашувнинг тижоратлашувига йўл қўймаслик мақсадида ихтиёрийлик тўғрисидаги бланкаларни мажбурий имзолаш, фақат тиббий ёрдам олиш учун ҳақ тўлаш каби чоралар таклиф этилган.
Баетовнинг таъкидлашича, «мутахассисларнинг иши (де-бюрократизация доирасида) чинни дўконидаги филни эътиборсиз қолдириш ва фақат қулай саволларни кўтариш эмас». Ноқулай ҳолатлар қаторида, масалан, давлат ва хусусий клиникалар ўртасидаги тиббий хизматлар нархининг фарқи шифокорларнинг хусусий секторга ва хорижга кетиб қолишига сабаб бўлаётгани ва бу ҳолат ҳудудларда соғлиқни сақлаш соҳаси ишини мураккаблаштираётганини айтиш мумкин. Иш ҳақи муаммоси турли чоралар ёрдамида ҳал қилинмоқда ва муҳокама учун қўшимча механизм сифатида «ихтиёрий қўшимча тўлов» таклиф этилди, деб тушунтирди Баетов.