Қирғизистонда мулозим чорва молларини экспорт қилишда коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинди

economist.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Самат Насирдинов терговга кўра, мамлакат ичида гўшт нархининг ошишига олиб келган 40 минг бошдан ортиқ қорамолни ноқонуний экспорт қилиш билан боғлиқ коррупцион схемани ташкил этишга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда «Кабар» Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига (МХДҚ) таяниб хабар берди.

2025 йил июль ойида Сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорни барқарорлаштириш мақсадида чорва моллари экспортига квоталар жорий қилган. Бироқ, МХДҚнинг Жалолобод вилояти бўйича бошқармаси хабарига кўра, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Н.С.Н., Ветеринария хизмати директори К.У.С. ва бошқа бир қатор мансабдор шахслар коррупцион схемани ташкил қилган. Улар амалда чорвачилик билан шуғулланмаган шахсларга ноқонуний равишда квоталар бериб келган. Ветеринария бўлими ходимлари мансабдор шахслар кўрсатмаси билан чорва моллари борлиги тўғрисидаги маълумотномаларни қалбакилаштирган, квоталарнинг ўзи тадбиркорларга ҳар бош қорамол учун 300 доллардан ёки майда чорва бирлиги учун 5000 сомдан (57 доллар) сотилган.

«Ушбу коррупцион схемани ташкил этиш натижасида 40 минг бошдан ортиқ қорамол қўшни Ўзбекистон Республикасига Жалолобод вилояти ҳудуди орқали ноқонуний экспорт қилинган ва бу мамлакатда гўшт нархининг ошишига сабаб бўлган», — дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида.

Юқорида қайд этилган мансабдор шахслар ва воситачилар ушланиб, тергов изоляторига жойлаштирилди, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, Сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги нархларни барқарорлаштириш ва маҳаллий фермерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида йирик ва майда қорамоллар, шунингдек, отларни экспорт қилишга олти ой муддатга мораторий жорий этишни таклиф қилди. Истиснолар фақат транзит, Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) доирасида экспорт ва бир қатор алоҳида ҳолатлар учун тақдим этилади. Чекловлар сабаблари орасида ем-хашак ва ветеринария препаратлари нархининг ошиши, логистика харажатлари ва санкциялар туфайли гўшт импортининг қисқариши киради, бу аллақачон ЕОИИ мамлакатларида нархларнинг сезиларли даражада ошишига олиб келди.

Аввалроқ, 8 август куни Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги ижтимоий аҳамиятга молик товарлар нархининг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида мол ва қўзи гўшти (суяксиз гўштдан ташқари) нархларини 90 кун муддатга вақтинча давлат томонидан тартибга солишни жорий қилган эди. Иқтисодиёт вазирлиги буйруғи билан мол гўштининг максимал нархи бир килограмми учун 680 сом (тахминан 7,8 доллар), қўй гўштининг нархи 690 сом этиб белгиланди. Нархлар чегарасига риоя этилишини назорат қилиш Монополияга қарши тартибга солиш хизмати зиммасига юклатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ