Япониянинг Sojitz корпорацияси Тошкентдаги янги халқаро аэропорт қурилишига 200 миллион доллар сармоя киритмоқчи. Айни пайтда тегишли лойиҳа ишлаб чиқилмоқда, дейди японлар компанияси президенти Косуке Уэмура. Унинг сўзларидан иқтибос келтиради Spot.uz нашри «Ўзбекистон 24» телеканалига таяниб.
Нашрнинг эслатишича, ўтган йил ёзида Ўзбекистон пойтахтида Япония корпорациясининг ваколатхонаси очилган эди. Шу билан бирга, унинг Марказий Осиё республикасидаги илк лойиҳаларидан бири Самарқандда қиймати 300 миллион долларлик тиббиёт маркази қурилиши бўлиши маълум бўлди.
Шунингдек, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Sojitz корпорацияси билан энергетика, соғлиқни сақлаш, инфратузилма ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни назарда тутувчи «йўл харитаси»ни имзолагани маълум қилинганди.
Жорий йилнинг август ойи бошида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Тошкент вилоятида мамлакат пойтахтига хизмат кўрсатадиган аэропорт қурилиши ҳақида хабар берган эди. Бундай қарорни қабул қилиш зарурати 2030 йилга бориб йўловчи ташиш ҳажмини 15 миллион кишига етказиш кутилаётгани билан боғлиқ. Аммо ҳозирги аэропорт тегишли сиғимга эга эмас ва шаҳар чегарасида бўлгани учун уни кенгайтириш имконсиз.
Вазирликнинг фикрига кўра, аэропорт 2030 йилгача фойдаланишга топширилиши керак. Чунки жараённинг 10 йилга кечикиши салбий оқибатларга олиб келади: Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотдан 8,6 миллиард доллар йўқотиши ва Марказий Осиёдаги авиация хабига айланиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин.
Расмийларнинг прогнозларига кўра, биринчи босқичда янги ҳаво порти йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатади. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 169 та самолётни жойлаштириш билан соатига 40 дан ортиқ парвоз ва қўниш амалга оширилади.
ℹ️ Sojitz Corporation — 50 дан ортиқ мамлакатда ваколатхоналарига эга бўлган йирик Япония савдо ва инвестиция компанияси. Компания энергетика, инфратузилма, транспорт, кўчмас мулк ва кимё саноати каби кўплаб соҳаларда лойиҳаларни амалга оширади.