Толиблар қудратли давлатларни Афғонистонга нисбатан «ёмон ниятда» бўлмасликка чақирди

Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид. amu.tv сайти фотосурати

Толиблар* ҳукуматининг Мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид АҚШ, Россия ва Хитойни Афғонистонга нисбатан «ёмон ниятда» бўлмасликка чақирди. Расмийнинг сўзларига кўра, унинг мамлакати ҳукумати барча давлатлар билан ислом тамойиллари асосида ижобий ҳамкорлик қилишга интилмоқда, деб ёзади Amu.tv.

Мудофаа вазирлиги раҳбари Афғонистон Мустақиллик кунига бағишланган нутқида амирлик жаҳоннинг қудратли мамлакатлари, шунингдек, чегарадош давлатлар ўртасидаги қарама-қаршилик майдонига айланмоқчи эмаслигини айтди.

«Қўшни давлатлар, минтақавий кучлар ва бутун дунёга мурожаатимиз шу: кимнинг Афғонистонга нисбатан ёмон нияти бўлса, ундан воз кечсин. Афғонистоннинг сизга нисбатан ёмон нияти йўқ. Биз ҳамма билан Ислом шариатига мос равишда яхши муносабатда бўлишни хоҳлаймиз», — дея хулоса қилди Ёқуб Мужоҳид.

Вазирнинг қўшимча қилишича, руслар ҳам, хитойлар ҳам Афғонистоннинг АҚШ кўрсатмаси бўйича уларга қарши ҳаракат қилишига ишонмайди, худди шунингдек, Қўшма Штатлар ҳам бошқа кучлар Вашингтонга қарши амирлик ҳудудидан фойдаланишига ишонмайди. Шу муносабат билан «Толибон» вакили тинчлик жараёнларига, масалан, савдога эътибор қаратишга чақирди.

«Келинг, савдо қилайлик. Қарама-қаршиликка киришиш билан эмас, тўғонлар, йўллар, заводлар қуриш, сармоя киритиш ва электр энергияси лойиҳаларини амалга ошириш орқали бир-биримиз билан рақобат қилайлик», — дея фикрини давом эттирди Мудофаа вазирлиги бошлиғи.

Оммавий ахборот воситаларининг тушунтиришича, Ёқуб Мужоҳид шу тариқа Кобул «Ислом давлати»* ва бошқа террорчи гуруҳларга қарши курашиш учун етарлича ҳаракат қилмаётгани ҳақидаги танқидларга қисман жавоб берган. Жумладан, бундай хавотирлар Россия ва Покистон томонидан бир неча бор билдирилган ва улар толиблардан экстремистик ҳаракатларга нисбатан қаттиқроқ чоралар кўришни сўраган.

Шу билан бирга, «Толибон» Мудофаа вазири ички сиёсат мавзусига ҳам тўхталган. У ҳаракатнинг 2021 йили ҳокимият тепасига келишини «мустақилликнинг янги шакли» деб атаган ва мамлакат фуқароларини фитна ва келишмовчиликларнинг олдини олиш учун бирдамликка чақирган.

«Ҳукумат ва халқ ўртасидами ёки халқ ичидами нифоқ солишга уринган ҳар қандай шахс аниқланиши керак. Шундагина биз ўзимизни ташқи душманлар ҳийласидан ёки мамлакат ичидаги ақл-идроксиз элементлардан ҳимоя қилишимиз мумкин», — дея хулоса қилди Ёқуб Мужоҳид.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ