Ислом цивилизацияси марказида турли даврларга оид Турон хариталарини ишлаб чиқиш бошланди

Турон харитаси. cisc.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази музейида Турон ҳудудининг 39 та сиёсий ва маданий хариталаридан иборат кўргазма ташкил этилади. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа муаллифлари буни Ўзбекистон тарихшунослигида ўзига хос ва илк эксперимент деб аташди. Қайд этилишича, хариталарда қадимги Турон диёрининг сиёсий манзараси, халқлар ўртасидаги муносабатлар, савдо йўллари, маданий марказлар аниқ акс эттирилади. Хариталар сулолалар ва ёдгорликларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади ва турли тарихий босқичларни — тош асридан ХХ асргача бўлган даврни қамраб олади.

Масалан, алоҳида хариталарда палеолит даври ғорлари, бронза даври маданияти, шунингдек, Бақтрия, Сўғд, Хоразм ва Фарғона акс эттирилади. Кейинги босқичларда Кушонлар давлати, Турк хоқонлиги, Эфталитлар ва Ўзбек хонлиги даврлари тасвирланади.

Ушбу хариталарни яратиш муҳокамасида тарихчилар, географлар, археологлар, тилшунослар ва картографлар иштирок этдилар. Хусусан, Турк хоқонлиги харитаси юзасидан қизғин фикр алмашилди. Олимлар хоқонлик ҳудудини янада тўлиқроқ акс эттириш зарурлигини таъкидлаб, Афросиёбнинг Самарқанд фрескалари, Чоч воҳасидан топилган қадимий тангалар, шунингдек, Олтой ва Мўғулистон туркий ёзувларини харитада тўғри жойлаштириш бўйича таклифлар билдирдилар.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб қилиш ғояси контекстида амалга оширилаётган лойиҳадир. Ташкилот биносида бешта тематик залдан иборат ноёб музей жойлашган.