Москвада толиблар Афғонистонда ҳукуматни қўлга киритганига тўрт йил тўлгани нишонланди

rta.af сайти фотосурати

Афғонистон Ислом Амирлигининг Москвадаги элчихонаси толибларнинг* ҳокимият тепасига келган яна бир санасини тантанали равишда нишонлади. RTA.af хабарига кўра, дипломатик миссия «хорижий истилонинг тугаши ва мамлакат эгаллаб олинганининг тўрт йиллиги муносабати билан» тантанали маросим ўтказди.

RTA.af хабарига кўра, тадбирда Россия Ташқи ишлар вазирлиги маслаҳатчиси ва РФ Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов, шунингдек, турли давлатларнинг элчилари, дипломатлар, олимлар, сиёсий арбоблар ва Россияда истиқомат қилаётган Афғонистон фуқаролари иштирок этган.

Афғонистон элчиси Гул Ҳасан (Ҳассан) ўзининг табрик сўзида толибларнинг ҳокимият тепасига келишини «афғон халқининг узоқ давом этган кураши, сабри ва фидойиликлари натижаси» дея таърифлади. Мамлакатда мавжуд хавфсизлик ва бошқарув Аллоҳ таолонинг буюк неъмати эканини таъкидлаб, бу имкониятдан Афғонистон тараққиёти ва равнақи йўлида фойдаланишга чақирди.

Бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

ℹ️ «Толибон» радикал ҳаракати* 2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганди. Ўшандан бери мамлакатнинг янги ҳукумати дунё мамлакатлари томонидан тан олинишга ҳаракат қилмоқда. Россия Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олган дунёдаги биринчи давлат бўлди. 2025 йил июль ойи бошида Афғонистоннинг Москвадаги элчихонаси биносига толиблар қабул қилган байроқ кўтарилди: унда оқ матога ягона Аллоҳга иймон келтирувчи шаҳада калимаси битилган.

* Шунга қарамай, «Толибон» Россия томонидан террорчи деб тан олинган ташкилотлар рўйхатида қолмоқда — мазкур ҳаракат фаолиятига тақиқ тўхтатилгани ва РФ Олий судининг қарори 2025 йил 20 майда кучга кирганлиги ҳақида эслатма билан.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ