Россия суди Тожикистон фуқаросини мамлакатга исириқ олиб киргани учун 8 йилга озодликдан маҳрум қилди

stan.kz сайти фотосурати

Россия суди Тожикистон фуқаросини мамлакатга гармала (хазориспанд, исириқ) олиб киришга уринганликда айблаб, саккиз йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда республика Бош прокуратурасига таяниб, «Азия-плюс» нашри хабар берди.

Тожикистонлик аёл Россия аэропортларидан бирида қўлга олинган. Унга нисбатан РФ Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми («Гиёҳвандлик воситаларини сотиш мақсадини кўзламаган ҳолда сақлаш, ташиш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш») ва 229.1-моддаси 3-қисми («Таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликларни Россия божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтиш») билан айбланган.

«Тергов якунлангач, жиноят иши судга юборилди, суд судланувчини 8 йилга озодликдан маҳрум қилди», — дейилади Тожикистон Бош прокуратураси хабарида.

Бу иш бўйича бошқа тафсилотлар йўқ. Шунингдек, яна бир тожикистонлик аёл худди шундай айблов билан Россиянинг бошқа аэропортида ҳибсга олингани таъкидланган, бироқ суд унинг иши бўйича қандай қарорга келгани ҳақида маълумот берилмаган.

Бош прокуратура Тожикистон фуқароларини Россияга гармала олиб кириш ва ишлатишга уринишлардан огоҳлантириб, «10 бирликдан ортиқ хазориспанд»ни ташиш ва сақлаш учун ҳуқуқбузар 1 миллион рублгача жарима ёки умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинишини эслатиб ўтди.

ℹ️ 2024 йил февраль ойида гармала Россиянинг гиёҳвандлик ўсимликлари рўйхатига киритилган бўлиб, уларнинг ноқонуний айланиши ва сақлаши жазоланади. Сабаби гармин — галлюциноген ва марказий асаб тизимининг стимулятори, биринчи фойдаланишдан сўнг жисмоний ва руҳий саломатлик учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шунга қарамай, Марказий Осиё мамлакатларида исириқ ўсимлиги алоҳида талабга эга ва эъзозланади: у омад, бойлик жалб қилади, ёмон энергия ва касалликлардан халос қилади, деб ишонилади. Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангуди Бердимуҳамедов ўз муаллифлигида чоп этилган «Туркманистоннинг доривор ўсимликлари» китобининг биринчи жилдига гармала (туркманлар уни юзарлик деб атайди) киритган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ