Марказий Осиёнинг учта давлати президентлари Зеленскийни Украина Мустақиллик куни билан табриклади

Шавкат Мирзиёев, Қосим-Жомарт Тўқаев, Сердар Бердимуҳамедов

Марказий Осиёнинг учта давлати президентлари Владимир Зеленскийни 24 август куни нишонланадиган Украина миллий байрами – Мустақиллик куни билан табриклади. Бу ҳақда Украина президентининг X.com ижтимоий тармоғидаги жавоб постларида маълум бўлди ва у барчага самимий тилаклар учун миннатдорчилик билдирди.

«Украинанинг миллий байрами Мустақиллик куни муносабати билан Сизни ва бутун Украина халқини самимий муборакбод этаман. Ишончим комилки, давлатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва узоқ муддатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган алоқалар келгусида ҳам халқларимиз умумий манфаатлари йўлида ривожланиб бораверади. Фурсатдан фойдаланиб, Сизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт саодат, масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар, украин халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилаб қоламан», — дейилади Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев табригида.

«Ҳурматли Владимир Александрович! Сизни Украинанинг миллий байрами – Мустақиллик куни билан чин қалбимдан табриклайман. Ушбу тантанали куннинг асосий тамойиллари бундан буён ҳам мамлакатингиз фаровонлиги, суверенитети ва бирлигининг мустаҳкам пойдевори бўлиб қолишини чин дилдан тилайман. Қозоғистон ва Украина ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик бу анъанавий дўстлик келгусида ҳам анъанавий дўстлик, ўзаро ҳурмат руҳида ривожланиб боради, деган умиддаман. Фурсатдан фойдаланиб Сизга, жаноб Президент, масъулиятли фаолиятингизда муваффақият ва бахт-саодат, дўст Украина халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилайман», — деб ёзган Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоўқаев. Оқўрда, шунингдек, унинг Зеленскийга хабар юборгани ҳақида хабар берган.

«Жаноби Олийлари! Сизни ва бутун мамлакат халқини Украина Мустақиллиги куни билан чин қалбимдан табриклайман. Фурсатдан фойдаланиб, Сизга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва давлат ишларида муваффақиятлар тилайман», — дейилади Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов телеграммасида.

Ўз навбатида Украина президенти Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон раҳбарларига табриклари учун миннатдорлик билдирди. Зеленский уларнинг Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаши, инсонпарварлик ташаббуслари, хусусан, украиналик болаларга кўрсатилаётган кўмак муҳимлигини таъкидлаган. Украина президенти мазкур давлатлар билан конструктив мулоқот ва ҳамкорликни янада ривожлантириш истагини билдирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ