2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳукумати 86,3 минг фуқарони хорижда расмий иш билан таъминлади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Миллий тикланиш» партияси фракциясининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 17 давлат ва 22 халқаро ташкилот вакиллари билан ўтказилган икки томонлама учрашувлар доирасида Ўзбекистон томони меҳнат визалари учун квоталар сонини кўпайтиришга, 129 та йирик хорижий корхона билан шартномалар тузишга эришган.
Олти ойда хорижда ўртача ойлик иш ҳақи 1500 доллар бўлган 211 минг иш ўрни яратилган. Расмий меҳнат мигрантлари сонининг энг катта ўсиши Европа Иттифоқи мамлакатларида, шунингдек, Япония, Буюк Британия ва Жанубий Кореяда қайд этилган. Натижада, Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи олти ойида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга ошган — 8,2 миллиард долларни ташкил этган.
Йил охиригача хорижда давлат томонидан ишга жойлаштирилган Ўзбекистон фуқаролари сонини 200 минг кишига етказиш режалаштирилган.
Хорижга ишлаш истагини билдирган фуқароларни ўқитиш мақсадида Германия, Япония, Корея, Болгария давлатлари ташкилотлари билан ҳамкорликда Республиканинг 9 та ҳудудида халқаро ўқув марказлари ташкил этилган. Натижада йил бошидан, хусусий секторни жалб этган ҳолда жами касбий таълим муассасаларида 45,3 минг нафар фуқаро касб ва чет тилларига ўқитилган.
Шу билан бирга, депутатлар муаммоли масалаларга ҳам тўхталиб ўтганлар. Хусусан, бир қатор ҳудудларда фуқароларни иш билан таъминлаш бўйича ишончли статистик маълумотлар мавжуд эмас, айрим ҳудудларда йиллик режалар орқада қолмоқда. Масалан, Тошкент шаҳрида январь-апрель ойларида режалаштирилган 12 минг нафардан 2192 нафари иш билан таъминланган, бу эса тасдиқланган кўрсаткичнинг атиги 18,3 фоизини ташкил этади.
Йиғилишда депутатлар ноқонуний бандликнинг олдини олишни кучайтириш, меҳнатга кетаётган аёллар ва ёшлар учун махсус дастурлар ишлаб чиқиш, хориждан қайтган фуқароларни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлаганлар.
ℹ️ Сўнгги пайтларда Европа давлатлари Ўзбекистондан ишчи кучини кўпроқ жалб қилмоқда. Шундай қилиб, 2022 йили республика Буюк Британияга мавсумий ишчилар етказиб бериш бўйича иккинчи ўринга чиққан. 2024 йили ўзбекистонлик ишчиларнинг Германияга киришини соддалаштириш мақсадида миграция бўйича келишув имзоланган. Жорий йили Ўзбекистон Миграция агентлиги беш йил давомида 10 минг нафар ўзбекистонликни Японияда иш билан таъминлашга қарор қилган, Италия ҳукумати эса 2026 йилдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун 1500 та бўш иш ўринлари учун квота ажратишга ваъда берди.