Ўзбекистонда давлат стадионлари ва футбол майдонларини хусусийлаштириш тақиқланди. Бундан ташқари, мамлакатнинг Кадастр агентлиги тизимига ушбу объектларни сотиш ёки уларни ўзгартириш имкониятини истисно қиладиган махсус чеклов жорий этилади. Тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар Республика Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 21 августдаги қарорида белгилаб қўйилди, деб ёзади Zamin.uz нашри.
Ҳужжатда таъкидланишича, жорий йил охиригача барча спорт майдонлари ва футбол майдонлари инвентаризациядан ўтказилади. Шундан сўнг объектлар ҳақидаги маълумотлар «Миллий футбол электрон платформаси» реестрига киритилади. Бу иш 2026 йилнинг июлигача якунланиши керак.
Нашр ёзишича, Тошкентдаги «Пахтакор» стадионининг хусусийлаштирилиши билан боғлиқ жанжал чиққан. Ўтган йил бошида Давлат активларини бошқариш агентлиги машҳур пойтахт футбол клубининг 100 фоиз акцияларини сотувга қўйган эди. Қолаверса, жамоанинг аренаси ҳам келишувнинг бир қисми бўлиб, жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган. Савдо эълон қилинганидан икки кун ўтиб агентлик фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиб, мазкур лотни очиқ кимошди савдосидан олиб ташлаган.
Мирзиёевнинг фармонида белгиланган яна бир муҳим ташаббус – «Ҳар бир маҳаллада футбол майдони» дастурининг ишга туширилишидир. Лойиҳа жорий йилнинг 1 октябридан бошланади. Унинг доирасида Давлат мулкидаги бўш ерлар аукционга чиқарилади ва уларнинг маълум қисмида футбол майдони барпо этилиши шарт қилинади. Шунингдек, майдон мақсади камида 10 йил давомида ўзгартирилмаслиги қатъий талаб қилинади. Бундан ташқари, ер майдонининг қолган қисми бўйича ғолиб тадбиркор қонунчилик асосида ундан фойдаланиши мумкин бўлади.
Агар ер участкалари уч ой давомида сотилмаса, уларнинг баҳоси босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилади, аммо кўпи билан 50 фоизгача. Шу билан бирга, тўловни уч йил мобайнида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон футбол ассосиасияси қошида «Легионерлар клуби» ташкил этилади ва унинг таркибига хорижда тўп сурган ҳозирги ва собиқ ўзбекистонлик футболчилар ҳамда бошқа мутахассислар киради. Ассоциация аъзолари ўзларининг футбол мактаблари ва клубларини очиш ҳуқуқига эга бўладилар, бунинг учун уларга давлат-хусусий шериклик шартлари асосида спорт таълим муассасалари ҳудудидан текин ер ажратилади. «Легионерлар»га футбол академиялари ва мактаблари ҳам бириктирилади. Ушбу чоралар ёшлар футболини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатиш ва ёш футболчиларни тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган.