Жапаров Бишкекда тиббиёт шаҳарчасини қуришга оид фармонни имзолади

sputnik.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Бишкекда соғлиқни сақлаш тизимининг кўп тармоқли давлат ташкилотларини бирлаштириши керак бўлган замонавий тиббиёт шаҳарчаси қуриш тўғрисидаги фармонни имзолади. Тегишли ҳужжат 26 август куни республика раҳбари сайтида эълон қилинган ва у шу кундан бошлаб етти кун ўтиб кучга киради.

Қайд этилишича, шаҳарча қурилиши аҳолига комплекс ва марказлаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш, беморларга инклюзив муҳит яратиш, шунингдек, Қирғизистон инфратузилмасини кенг кўламли модернизация ва интеграциялаш мақсадида амалга оширилади.

Мазкур объектнинг қурилиши стратегик вазифа ва ўрта муддатли истиқболда амалга ошириш учун устувор лойиҳа сифатида қаралмоқда. Шу билан бирга, тиббиёт шаҳарчасини қуриш ва жиҳозлаш давлат соғлиқни сақлаш ташкилотларининг Бишкек шаҳрида жойлашган ва реконструкция қилишни талаб қиладиган мулк мажмуаларини хусусийлаштириш ҳисобига амалга оширилади. Лойиҳани молиялаштириш хусусий инвесторлар ва халқаро тузилмалар томонидан амалга оширилиши режалаштирилган. Агар бу маблағлар етарли бўлмаса, ҳукумат томонидан республика бюджетидан маблағ ажратилади.

Поликлиникалар ва касалхоналарни ягона локация ҳудудига кўчириш янги шаҳарча объектлари фойдаланишга топширилиши муносабати билан босқичма-босқич, лекин соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан чиқарилган тегишли мулк мажмуаси хусусийлаштирилган кундан бошлаб икки йилдан кечиктирмай амалга оширилади.

Жапаров лойиҳани бошқариш ва қурилиш ишларини мувофиқлаштиришни Президент ишлар бошқармасига юклади.

Шу билан бирга, Қирғизистон ҳукумати ва Президент ишлар бошқармасига олти ой муддат берилади:

👉 тиббиёт шаҳарчаси ташкил этиш ва ундан фойдаланиш лойиҳасини амалга ошириш концепциясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

👉 Бишкек шаҳар мэрияси билан биргаликда тиббиёт шаҳарчаси жойлашган жойни белгилаш, зарур ер участкаларини ажратиш ва трансформация қилиш чораларини кўриш;

👉 тиббиёт шаҳарчасига кўчирилиши лозим бўлган давлат соғлиқни сақлаш ташкилотлари рўйхатини белгилаш ва тегишли режа тасдиқлаш;

👉 объектни лойиҳалаш ва қуриш билан боғлиқ ишлар ва хизматлар етказиб берувчиларни аниқлаш;

👉 чиқарилган мулк мажмуаларининг бозор қийматининг холис мустақил баҳоланишини таъминлаш.

Шунингдек, шаҳарча таркибига кирувчи поликлиникалар ва касалхоналарни хусусийлаштириш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида давлат органлари томонидан зарур меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилади.

Аввалроқ Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги шаҳарча ҳудудида қуйидаги Миллий марказлар: онкология ва гематология, оналик ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, фтизиатрия, кардиология ва терапия, жарроҳлик, шунингдек, касалхонани жойлаштириш режалаштирилганини маълум қилган эди.

Президент ишлар бошқармаси раҳбари Қанибек Туманбаевнинг сўзларига кўра, тиббиёт шаҳарчаси пойтахтнинг Кўк-жар микрорайонида ташкил этилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ