Туркия ҳукумати урушлар ва «ядровий ҳодисалар»га қарши бошпаналар қуришни бошлади

rbk.ru сайти фотосурати

Туркия ҳукумати урушлар, офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар, жумладан, «ядровий ҳодисалар» юз берганда аҳолининг яшириниши учун бошпаналар қуриш лойиҳасини бошлади. Лойиҳа Анқара ва бошқа йирик шаҳарларда бошланади, кейинроқ бутун мамлакат бўйлаб кенгайтирилади, деб хабар беради ТАСС Туркиянинг NTV телеканалига таяниб.

Мазкур ОАВ хабарига кўра, Туркия ҳукуматининг республика президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон раислигидаги йиғилишида фуқаролик мудофааси чораларини кучайтириш масаласи кўтарилган. Хусусан, мутасаддилар аксарияти кўп қаватли уйларнинг ертўлаларида ва ер ости автотураргоҳларида жойлашган мавжуд бошпаналарнинг замонавий фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш талабларига жавоб бермаслигини эътироф этишган.

Шу муносабат билан расмийлар ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тузилмалар инфратузилмасини янгилашга қарор қилган. Чора кўришнинг долзарблиги Туркия яқинида ҳарбий ҳаракатлар, офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар хавфи мавжудлиги билан изоҳланади. Бошпана, шунингдек, одамларни ер сиртидаги радиоактив ифлосланишдан ҳимоя қилиши керак.

Туркия телеканалининг қўшимча қилишича, бошпана лойиҳасини ишлаб чиқишда Япония, Швейцария ва Исроил тажрибаси ўрганилган. Натижада мамлакатнинг барча вилоятларида турли хил ташқи таъсирларга бардош бера оладиган ҳимоя иншоотлари барпо этилади. Таъкидланишича, объектлар аҳолининг кўпчилиги хавфсиз ҳудудга тезда етиб бориши учун қулай жойларда барпо этилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ