Ислом цивилизацияси маркази музейида Чингизхон авлодлари даврига мансуб энг нодир кўза намойиш этилади

Кўза. cisc.uz сайти фотосурати

Ислом цивилизацияси маркази музейининг Иккинчи Ренессанс залида Чингизхон авлодларидан бўлган Илхонийлар сулоласи ҳукмронлиги давридаги XIII-XIV асрларга оид кўза кўргазмага қўйилади. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.

Баландлиги 25,2 см, кенглиги 18,1 см бўлган мазкур кўза юзасидаги буғу тасвири ва гуллик орнаментлари билан ҳам эътиборни тортади. Ушбу экспонат кенг тарқалган Темурийлар оқ-кўк керамикасига хос услубларнинг илк намунаси сифатида ҳам баҳоланмоқда. Шу боис, у Темурийлар даври санъатининг шаклланиш жараёнини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади.

Ҳозиргача бу экземпляр «Арон» галереяси (Англия) коллекциясида бўлган ва Ўзбекистонда илк бор намойиш этилади.

Илхонийлар XIII–XIV асрларда Эрон, Озарбайжон, Марказий Осиёнинг бир қисми, Ироқ ва Анадолуда ҳукмронлик қилган мўғул сулоласи саналади. Давлат Чингизхоннинг набираси Ҳулагухон томонидан XIII асрнинг ўрталарида Яқин Шарққа юриши ва 1258 йили Бағдод халифалиги мағлубиятга учраганидан сўнг асос солинган. Чингизийлар ҳукмронлик қилган даврда мўғул анъаналари билан маҳаллий Эрон маданияти, меъморчилиги ва тасвирий санъати уйғунлашган, айниқса, кулолчиликка хитой ҳамда ислом бадиий санъатининг таъсири кучли бўлган. Илхонийлар даврида темурийлар салтанати санъатининг келажакдаги гуллаб-яшнашига асос солинган, дея ҳисобланади.