Хитой томони Туркманистондаги «Галқиниш» газ конининг тўртинчи босқичини ўзлаштириш бўйича халқаро тендерда ғолиб чиқди. Бу ҳақда мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов Пекинда Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради «Туркменистан — Золотой век» нашри.
Бердимуҳамедовнинг сўзларига кўра, Туркманистон ва Хитой ўртасидаги газ соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий тамойиллари бўйича бош келишув лойиҳаси тайёрланган. Ана шу ҳужжат асосида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик янада ривожланади.
Си Цзиньпин, ўз навбатида, туркман газини етказиб беришда «Галқиниш»ни ўзлаштиришда иштирок этиш Хитой учун катта шараф эканини таъкидлаб, хитойлик ҳамкорларга яратиб берилган шарт-шароитлар учун миннатдорчилик билдирди.
Туркманистон томони газ саноати икки томонлама ҳамкорликда стратегик ўрин эгаллашини таъкидлади. Туркманистон-Хитой газ қувури 15 йилдан ортиқ вақт давомида ишламоқда ва томонлар уни янада кенгайтиришни мақсад қилган.
ℹ️ Туркманистондаги «Галқиниш» кони дунёдаги энг йирик конларидан бири ҳисобланади: унинг умумий захиралари қўшни тузилмалар билан биргаликда 27,4 триллион куб метр газга баҳоланади. GaffneyCline маълумотларига кўра, коннинг ўзида захиралар 20 триллион куб метрдан ошади, унумдор қатлам қалинлиги 600 м дан зиёд.
«Галқиниш» конини ўзлаштириш 2013 йилда бошланган ва уни 7 босқичда якунлаш режалаштирилган. Ҳозирда биринчи босқич ишга туширилиб, 52 та қудуқ ишламоқда ва яна 10 га яқин қудуқ бурғулаш ишлари олиб борилмоқда. Қудуқларнинг ўртача дебифи кунига 1,5 миллион куб метр газни, айрим объектларники эса 3 миллионга етади. Ҳар бир босқич учун узлуксиз ишлаб чиқаришнинг прогноз қилинган муддати 30 йилдан ошади ва потенциал ишлаб чиқариш даражаси йилига 200 миллиард кубометргача.
Кон мураккаб геологияга эга: газли қатламнинг ўртача қалинлиги 700 м дан ошади ва 5 км дан ортиқ чуқурликда ётади, газда эса тахминан 10% кислотали компонентлар мавжуд.
«Галқиниш» Жанубий Ёлотан ва Усмон зоналарини ҳам ўз ичига олади, бу ерда табиий газдан ташқари, тахминан 300 миллион тоннага баҳоланган нефть захиралари ўрганилган. 2023 йилги маълумотларга кўра, газ қазиб олиш 50 миллиард куб метрни, нефть — тахминан 20 миллион тоннани ташкил этган. Лойиҳа оператори «Туркменгаз» давлат компанияси, шунингдек унда Хитойнинг CNPC ва туркиянинг Çalik Enerji компаниялари ҳам ишда иштирок этмоқда.