Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг Биринчи Ренессанс залида нодир артефакт — салжуқийлар даврига оид икки бошли бургут тасвири туширилган шоҳона асо намойиш этилади. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.
Артефакт Ўзбекистонга Лондондан олиб келинган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, унинг Тошкентга қайтиши тарихий адолатнинг тикланиши ва миллий меросга ҳурмат бажо этишнинг ёрқин ифодаси сифатида баҳоланади.
Бургут тасвири қадимдан ҳокимият, куч ва давлатчилик ғоясининг асосий рамзи сифатида талқин қилинган. Салжуқийлар даврида эса у салтанатнинг геосиёсий қудрати, шарқ ва ғарбга ҳукмронлигини англатган. Икки бошли бургут нафақат Салжуқийлар, балки Усмонийлар ва бошқа мусулмон давлатлари ҳукмдор сулолалари тимсолида ҳам учрайди.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.