Ўзбекистон Афғонистоннинг энергетикаси соҳасида 250 миллион доллар миқдорида лойиҳаларни амалга оширишни бошлади. Бу ҳақда Қобул шаҳрида энергетика соҳасида инвестицияларни жалб қилиш ва Афғонистон энергетика секторини қўллаб-қувватлашга бағишланган биринчи конференцияда маълум қилинди, деб хабар беради толиблар* ҳукуматидаги иқтисодиёт масалалари бўйича Бош вазир ўринбосари Абдул Ғани Барадар Охунд матбуот хизмати ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги.
Конференция «Интерконтиненталь» меҳмонхонасида Афғонистон ҳукумати аъзолари, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон Энергетика вазирликлари делегатлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва дипломатик ваколатхоналар вакиллари иштирокида бўлиб ўтди. Тадбир доирасида 9123 мВт электр энергиясини ишлаб чиқариш ва энергия инфратузилмаси қуриш бўйича меморандум, шунингдек, Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) ва бир нечта инвестор компаниялари ўртасида қўшимча 284 МВт электр қувватини ишлаб чиқариш бўйича шартномалар имзоланди.
Ўзбекистон кўмаги билан амалга оширилаётган сармоялар ҳажми 250 миллион АҚШ доллари миқдорида бўлган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Улар 500 кВ Сурхон – Пули Хумри, Дашти — Алвон ва Арганди подстанциясини модернизация қилиш, шунингдек, Шайх Месри подстанциясига қадар 220 кВ тармоқни тортиш ва ушбу подстанцияни кенгайтиришни ўз ичига олади. Иш тугагандан сўнг, Афғонистон Ўзбекистондан 800 дан 1000 МВт электр энергиясини олиши кутилмоқда, бу эса мамлакатнинг энергия инфратузилмасини сезиларли даражада мустаҳкамлайди.
Лойиҳаларни амалга ошириш 2027 йилнинг биринчи чорагида якунланиши режалаштирилган. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги раҳбари Жўрабек Мирзамаҳмудов яқин келажакда афғон компаниялари билан амалий ишларни бошлашга тайёрлигини эълон қилди. Энергетикадан ташқари, ҳамкорлик қишлоқ хўжалиги, саноат ва соғлиқни сақлаш соҳасини қамраб олади.
ℹ️ Ўтган ҳафта конференцияни эълон қиларкан, DABS унда 22 мамлакат вакиллари иштирок этишини маълум қилганди. Тадбир доирасида компания маҳаллий ва халқаро сармоядорлар билан 18 та шартнома тузди. Шу жумладан — қуёш, газ ва кўмир асосида электр энергиясини ишлаб чиқариш, подстанциялар ва электр тармоқларини ривожлантириш, электр жиҳозларини ишлаб чиқариш, шунингдек лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.