БМТ Афғонистоннинг бир қанча вилоятларида аёллар меҳнати тақиқлангани боис нақд пул ёрдамини тўхтатди

amu.tv сайти фотосурати

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар масаласи бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси «Толибон»* ҳаракати томонидан аёллар меҳнатига тақиқ қўйилгани боис мамлакатнинг тўртта вилоятида Афғонистонга қайтган қочқинларга нақд пул ёрдам кўрсатиш марказларини вақтинча ёпди. Бу ҳақда Amu TV хабар берди.

9 сентябрдан бошлаб Нангарҳор, Қандаҳор, Кобул ва Ҳиротда гуманитар ёрдам тарқатиш пунктлари ёпилган. Нашр манбасига кўра, бундай қарор «БМТ қочқинлар масаласи бўйича Олий комиссарлигига нафақат аёллар ва қизларга, балки барча қайтиб келганларга хавфсиз, ҳурматли ва адолатли ёрдам кўрсатишига тўсқинлик қилувчи» расмийлар томонидан киритилган чекловларга жавобан қабул қилинган.

Покистон ва Эрондан қайтган аёллар гуманитар хизматлардан фақат агентликнинг аёл ходимлари билан мулоқот қилиш орқали фойдаланишлари мумкин, бу маданий қоидаларга риоя қилиш учун муҳим аҳамиятга эга, дея тушунтиради БМТ ҚМОК.

Ташкилот «Толибон» вакиллари билан музокаралар олиб бораётганини айтди, аммо марказлар қачон фаолиятини қайта бошлаши ҳақида ҳозирча маълумот бермаган. Шу билан бирга, БМТ ҚМОК фаолиятининг бошқа йўналишлари ўз фаолиятини давом эттираётгани таъкидланган.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йили мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этувчи 23,7 миллион афғон гуманитар ёрдамга муҳтож бўлмоқда Сўнгги ойларда Покистон ва Эрон юз минглаб афғон муҳожирларини депортация қилган ва бу аҳолининг заиф қатлами аҳволини ёмонлаштирган. БМТнинг Қочқинлар масаласи бўйича Олий комиссарлиги, шунингдек, нақд пул ёрдами Афғонистонда энг самарали қўллаб-қувватлаш шаклларидан бири ҳисобланиши ва уларни бошқа нарсага алмаштириш осон эмаслигини таъкидлайди.

ℹ️ Толиблар 7 сентябрдан БМТнинг Кобулдаги офисларига аёлларнинг киришини тақиқлай бошлади, қўриқчилар аёл ходимлар ва афғон аёлларига киришга рухсат бермаган ва ичкаридаги аёллардан биноларни тарк этиш талаб қилишган. Тақиқ «Толибон» етакчисининг буйруғи билан Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги томонидан киритилган. Ҳаракат 2021 йили ҳокимиятга қайтганидан сўнг Афғонистоннинг кўплаб вилоятларида аёлларнинг БМТ ваколатхоналарида ишлаши тақиқланган эди. 2023 йил апрелида БМТнинг барча аёл ходимларига ишлашни тўхтатиш буюрилган эди. Ўшанда ташкилот толибларни аёллар иштирокисиз инсонпарварлик ёрдамини кўрсата олмаслигидан огоҳлантирган эди.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ