Наманган аэропортида 140 миллион доллар сармоя эвазига янги терминаллар қурилади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Наманган аэропортида иккита янги – йўловчи ва юк терминали қурилмоқда. Ушбу лойиҳа 140 миллион доллар сармоя эвазига амалга оширилмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни аэропортдаги қурилиш ишлари билан танишди, деб хабар қилади унинг матбуот хизмати.

Таъкидланишича, лойиҳа республика раҳбарига ўтган йили вилоятга ташрифи чоғида тақдим этилган. Бугунги кунда бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Модернизациянинг долзарблиги Наманган аэропортининг ортиб бораётган юкларга бардош бера олмаслиги билан изоҳланади. Шу боис йўловчи ташиш ҳажмини 2,5 баробар ошириш имконини берувчи уч қаватли янги терминал қуришга қарор қилинган. Бинода чегара назорати ва виза бўлимлари, бизнес зали, савдо ва овқатланиш шохобчалари, тиббиёт хонаси, Duty free дўконлари замонавий ташкил этилади.

Шунингдек, аэропортда улкан юк терминали қурилмоқда. У кунига 50 тонна юк ташиш ва 90 та мамлакатга экспорт қилиш имконини беради. Энг муҳими, бу орқали водийда ягона карго тизими яратилади. Ҳудуднинг бизнес, экспорт ва транзит салоҳияти ошади.

Масалан, бу йил Наманган вилоятига 1,5 миллион хорижий ва 2 миллиондан ортиқ маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, хизматлар экспортини 210 минг долларга етказиш режалаштирилган.

Аэропортда махсус сервис техникалари ҳам янгиланади. Бу турли ҳажмдаги самолётларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш имконини беради. Шунингдек, кейтеринг, ёнилғи қуйиш мажмуаси ва бошқа хўжалик бинолари қурилади. Янги терминаллар келгуси йил ишга туширилиши кўзда тутилган.

Мутасаддиларга кўра, янги терминаллар келгуси йили фойдаланишга топширилади.

Мирзиёев аэропорт яқинидаги ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Масалан, бу ерда замонавий меҳмонхоналар, савдо ва кўнгилочар марказлар, сайёҳлар ва маҳаллий аҳолига кенг турдаги хизматлар кўрсатувчи корхоналар пайдо бўлиши керак.

Президент автотураргоҳ ва сервис объектларини ташкил этиб, меҳмонлар учун қулайликларни кенгайтириш вазифасини қўйди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ