Ўзбекистон президенти чет эл автомобилларига хизмат кўрсатадиган автосервислар тармоғини яратиш бўйича топшириқ берди

DARYO.UZ сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев чет эл автомобилларига хизмат кўрсатадиган автосервислар тармоғини яратиш бўйича топшириқ берди. Бу топширик Янги Наманган туманидаги «Тараққиёт» янги саноат ва хизмат кўрсатиш зонасига ташрифи чоғида берилди, деб хабар қилади давлат раҳбари матбуот хизмати.

«Мамлакатимизда янги-янги автомобиль заводлари ишга тушириляпти. Одамларнинг даромади ошиб, машиналар кўпайяпти. Лекин сервис бўйича ҳали имконият кўп. Масалан, чет эл автомобилларига хизмат кўрсатиш етарли даражада эмас. Буни тизимли йўлга қўйиш орқали аҳоли бандлиги ва хизмат сифатини таъминлаш мумкин», – деди президент.

Шу боис, у бундай сервис марказларини бошқа туманларда ҳам ташкил этиш, малакали усталарни тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берди.

«Тараққиёт» зонаси 10 гектар майдонда ташкил этилган ва 113 та лойиҳани бирлаштирган. Уларнинг барқарор ишлаши учун бюджет ҳисобидан электр энергияси, ичимлик ва оқова сув тармоқлари, ички йўллар каби зарур инфратузилма барпо этилган.

Расмий маълумотларга кўра, «Тараққиёт»да ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг йиллик ҳажми қарийб 500 миллиард сўмни (тахминан 40 миллион доллар) ташкил этади. Саноат зонасида 4800 иш ўрни яратилган. Лойиҳага қўшни маҳаллалардан 170 нафар тадбиркор жалб этилиб, 350 дан зиёд хонадонда кооперация асосида маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Президент саноат зонасида ишлаб чиқарилаётган мебеллар кўргазмаси билан ҳам танишди. Маҳаллий саноатни ривожлантириб, тадбиркорларнинг фаолиятини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг тажриба орттириб, иш топишига кўмаклашиш вазифалари қўйилди. Давлат раҳбари объектларда меҳнатни муҳофаза қилиш меъёрларига қатъий риоя қилиш, ёнғин ва техник хавфсизликни таъминлаш зарурлигига эътибор қаратди.

ℹ️ 2023 йил август ойида Ўзбекистон ҳукумати чет эл автомобилларини импорт қилишни соддалаштириб, уларни нафақат ишлаб чиқарувчилар дилерларига, балки бошқа импорт қилувчиларга ҳам сотишга рухсат берди. Шундан сўнг, компаниялар ва жисмоний шахслар мамлакатга автомобилларни фаол равишда олиб кира бошладилар — асосан Хитойдан. Натижада, 2023 йил охирига келиб, автомобил импорти 2,42 бараварга ошиб, ундан олдинги йилдаги 30,25 мингтадан 73,2 мингтага етди. 2024 йил январь-декабрь ойларида Ўзбекистонга 1,28 миллиард долларлик 74,7 мингта хорижий автомобил импорт қилинган. 2025 йилнинг олти ойида республикага умумий қиймати 422,1 миллион долларлик 24,3 минг дона енгил автомобил етказиб берилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ