Қирғизистон президенти Садир Жапаров Жалолобод вилоятидаги Жалолобод шаҳри номини Манасга ўзгартириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Номини ўзгартириш тўғрисидаги қонун 10 сентябрда Қирғизистон Жогорку Кенеш томонидан қабул қилинган. Ҳужжат расмий эълон қилинганидан кейин ўн кун ўтиб кучга киради.
Матбуот хизмати хабарига кўра, номни ўзгартиришдан мақсад миллий ғояни мустаҳкамлаш ва қирғиз халқининг мустақиллик ва ташқи таҳдидлардан ҳимояланиш учун кураши рамзи бўлган эпик қаҳрамон Манас хотирасини абадийлаштиришдан иборат. Номни ўзгартириш ташаббуси билан Жалолобод шаҳар Кенгаши депутатлари ва шаҳар ҳокими Эрнисбек Ўрмоқов чиққан.
Номни ўзгартириш масаласи шошилинч ва бир неча босқичда муҳокама қилинди, деб ёзади Kaktus.media. 3 сентябрь куни шаҳар кенгаши аъзолари бир овоздан ҳоким таклифини қўллаб-қувватлашди. 5 сентябрь куни қонун лойиҳаси Ягона жамоатчилик муҳокамаси порталида эълон қилинди. 9 сентябрь куни парламентнинг тегишли қўмитаси уни навбатдан ташқари тартибда кўриб чиқди ва уч ўқишда маъқуллади. Эртаси куни, 10 сентябрда Жогорку Кенеш қонун лойиҳасини маъқуллади, 17 сентябрда эса президент томонидан имзоланди.
Шаҳар номини ўзгариши муносабати билан давлат идоралари ва хусусий ташкилотлар расмий ҳужжатлар, муҳр ва белгиларни алмаштиришга тўғри келади. Ҳокимликнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, бу ўзгартиришлар учун камида 15 миллион сом (171,5 минг доллар) керак бўлади.
Шу билан бирга, Фуқаролик хизмати ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш давлат агентлиги директори Худойберген Базарбаевнинг сўзларига кўра, шаҳар аҳолиси бундан кейин ҳам жалолободликлар деб аталади.
Жалолобод XIX аср охирида Фарғона водийсида қишлоқ сифатида ташкил топган. 1870-1936 йиллари Жалолобод номи билан танилган. Шаҳарнинг расмий ташкил этилган санаси 1877 йил октябрь ойи ҳисобланади. Жалолобод ҳозир Жалолобод вилоятининг маъмурий маркази ва Қирғизистондаги аҳоли сони бўйича фақат Бишкек ва Ўш шаҳарларидан кейин учинчи ўринда туради. Расмий маълумотларга кўра, шаҳарда 184 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Манас — шу номли достоннинг марказий қаҳрамони бўлиб, қирғиз оғзаки фольклорининг асосий ёдгорлиги ҳисобланади. Достон ярим миллион мисрадан ортиқ шеърни ўз ичига олади ва ЮНEСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.