Uzbekistan Airways компанияси Boeing корпорацияси билан 14 та Boeing 787-9 самолёти ва ушбу турдаги саккизта ҳаво кемасини опсион сифатида олиш (харидорга активни маълум нархда сотиб олиш ҳуқуқини, лекин мажбуриятини бермайдиган битим) бўйича шартнома имзолади. Ўзбекистон авиаташувчиси хабарига кўра, янги самолётларни етказиб бериш 2031 йили бошланади.
Кенг фюзеляжли самолётлар паркини кенгайтириш Uzbekistan Airwaysга асосий йўналишларда йўловчи ташиш имкониятларини кўпайтириш, рейслар жадвалини барқарорлаштириш ҳамда маршрутлар тармоғини ривожлантириш имконини беради. Бу эса Марказий Осиёни Шимолий Америка, Европа, Яқин Шарқ ва Осиё-Тинч океани минтақаси билан боғлайди. Лойиҳа миллий ривожланиш дастури мақсадларига жавоб беради ва авиакомпаниянинг стратегик вазифаси — Тошкентни минтақанинг етакчи халқаро транзит хабига айлантириш мақсадига хизмат қилади.
Ўзбекистон миллий авиаташувчиси Dreamliner самолётларини ўн йил давомида, хусусан, қитъалараро парвозларда муваффақиятли ишлатиб келади.
«Янги шартнома имзоланиши билан биз мамлакатимиз ва Uzbekistan Airwaysнинг Марказий Осиёда етакчи авиаташıувчи сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаймиз ҳамда йўловчиларимизга янада кенгроқ халқаро боғланишни тақдим этамиз. Бу қадам бизнинг барқарор ривожланишга қаратилган стратегиямизни ва истиқболли мақсадларимизни яна бир бор тасдиқлайди», — деди Uzbekistan Airways акциядорлик жамияти Бошқарув раиси Шухрат Худайкулов.
АҚШ президенти Доналд Трамп келишувни юқори баҳолаб, Uzbekistan Airways ва Boeing ўртасидаги шартнома қиймати 8 миллиард доллардан ортиқ эканини таъкидлади. Оқ уй раҳбари келишувни «ажойиб» деб атади ва ўзбекистонлик ҳамкасби Шавкат Мирзиёевни ушбу муваффақият билан табриклади.
«Президент Мирзиёев — бир сўзли инсон ва биз бошқа кўплаб масалаларда ҳамкорликда ишлашда давом этамиз! Бу масалага эътибор қаратганингиз учун ташаккур», — деб ёзган Трамп ижтимоий тармоқда.
Марказий Осиё етакчиси матбуот хизмати хабарига кўра, Мирзиёев 22 сентябрь куни Нью-Йоркда иш кунини қизғин ўтказган, Америка бизнеси ва халқаро молия институтлари вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказган. Хусусан, у Boeing Global компанияси президенти Брендан Нэльсон билан самарали музокаралар ўтказди. Томонлар Ўзбекистон раҳбарининг АҚШга бу галги ташрифи чоғида имзоланган Boeing самолётларини етказиб бериш бўйича янги шартнома ва узоқ муддатли ҳамкорлик тўғрисидаги битимларни ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги қайд этдилар.