Ўзбекистоннинг биринчи президенти қизи Гулнора Каримованинг Швейцария томонидан ватанига қайтарилган активларини назорат қилувчи «Ишонч» жамғармаси бошқарув қўмитаси қишлоқ мактабларини ободонлаштириш лойиҳасига 20 миллион доллар ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда БМТнинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси хабар берди.
Жорий йил 1 октябридан Ўзбекистонда «Иқлим барқарорлиги ва мактабларда сув таъминоти, санитария ва гигиена масалаларини моделлаштириш» лойиҳаси ишга туширилади.
Мазкур лойиҳа доирасида мамлакат бўйлаб камида 45 та қишлоқ мактаби таъмирланади. Мактаблар ичимлик суви, замонавий канализация, иситиш, тоза энергия манбалари билан таъминланади. Бу энергия сарфини 30 фоизга, иссиқхона газлари чиқиндиларини эса 50 фоизга камайтиради.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу кенг кўламли дастурнинг амалга оширилиши 31,5 минг нафар бола, жумладан, ўсмир қизлар учун кундалик таълим шароитларини яхшилайди ва улар гендер аспектларини инобатга олувчи мактабларга кириш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, «Ишонч» жамғармаси маблағларининг бир қисмини 2700 нафар ўқитувчи ва бошқа мактаб ходимлари учун иқлимга чидамлилик, сув таъминоти, санитария ва гигиена бўйича курслар ташкил этишга йўналтирилади.
Лойиҳанинг долзарб Ўзбекистонда мактабга қабул қилишнинг жадал суръатларда ўсиши туфайли 1,4 миллиондан ортиқ бола сув таъминоти чекланган ёки умуман бўлмаган таълим муассасаларига қатнаётгани билан изоҳланади. Қишлоқ жойлардаги кўплаб мактабларда ҳамон чуқур ҳожатхоналар ва самарасиз иситиш тизимларидан фойдаланилади. Ушбу дастур мазкур муаммоларнинг аксариятини ҳал қилади.
Қайд этилишича, лойиҳа маблағлари шаффоф тарзда сарфланади. «Менинг энг яхши мактабим» номли махсус портал орқали фойдаланувчилар сметалар, пудратчилар, қурилиш муддатлари ва аниқ лойиҳаларнинг боришини кузатишлари мумкин бўлади.
«Швейцария реституция доирасида олинган ресурслар Ўзбекистон халқига бевосита фойда келтирадиган моддий, коррупцияга чидамли сармояларга айлантирилаётганидан фахрланади», — дейди Европа Иттифоқининг Марказий Осиё республикасидаги элчиси Константин Оболенский мактабларга маблағ ажратилишини шарҳлар экан.
2022 йили Ўзбекистон ва Швейцария ўртасидаги келишувга асосан БМТнинг кўп томонлама мақсадли фонди қошида фаолият юритувчи «Ишонч» жамғармаси ташкил этилди. Айнан шу субъект орқали Гулнора Каримованинг ноқонуний активларини қайтариш ишлари олиб борилмоқда. Биринчи транш 131 миллион долларни ташкил қилгани хабар қилинганди. Икки давлат, шунингдек, иккинчи трансфер доирасида 182 миллион долларни ватанига қайтаришга келишиб олди.
Жорий йил апрель ойида Ўзбекистоннинг биринчи президенти қизининг ўз ватанига қайтган ноқонуний мулкларининг бир қисми соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасидаги лойиҳаларга ажратилгани хабар қилинган эди.
ℹ️ Каримова ва унга алоқадор компанияларнинг коррупцион фаолияти юзасидан Европа терговлари 2012 йили бошланганди. 2018 йили Швейцария Каримованинг 555 миллион доллардан ортиқ активларини мусодара қилган. Бироқ Ўзбекистон расмийларига кўра, биринчи давлат раҳбарининг қизи жиноий йўл билан орттирган бойлигининг 1 миллиард доллардан ортиғи хорижга ўтказилган.
2013 йилдан бери Ўзбекистонда Каримовага қарши давлат маблағларини ўзлаштириш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва жиноий гуруҳ ташкил этишда айбланиб, бир неча жиноий иш очилган. Судлар бир қанча ҳукмларни, жумладан 13 йиллик қамоқ жазосини ҳам чиқарган, шундан сўнг собиқ президентнинг қизи Тошкент вилоятидаги аёллар қамоқхонасига жўнатилган.