26 сентябрь куни соат 10:00 ҳолатига кўра, Тошкент вилоятида овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифокорларга олиб борилган боғча тарбияланувчилари сони 1940 нафарга етди, деб хабар беради Daryo.
Нашрнинг ёзишича, вилоятнинг етти туманида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кузатилган. Энг кўп жабрланганлар Бўка (537 та), Пскент (430) ва Оққўрғон (413) туманларида қайд этилган.
1110 нафар бола поликлиникаларда даволаниб, уйига жўнатилган. Йигирма бир нафар бола ўртача оғирликдаги, яна 809 нафари енгил заҳарланиш билан касалхонада қолмоқда, уларнинг аҳволи барқарор ва қониқарли деб баҳоланмоқда.
ℹ️ Тошкент вилоятидаги болалар боғчаларида содир бўлган оммавий заҳарланишдан биринчи жабрланганлар 24 сентябрь куни шифокорларга мурожаат қила бошлаган. Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга «ошқозон ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсикинфекцияси» ташхиси қўйилган. Дастлабки маълумотларга кўра, болалар саломатлигининг ёмонлашишига сифатсиз сут маҳсулотлари, хусусан, ёғлилиги 3,2 фоиз бўлган кефир сабаб бўлган. Заҳарланиш ҳолати юзасидан жиноий иш очилган.
25 сентябрь куни Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова вилоятга ташриф буюрди. У болаларнинг заҳарланиши ҳолатлари қайд этилган камида битта болалар боғчасига ташриф буюрди. Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги вазиятни ўз назорати остига олди.