Туркманистоннинг собиқ Бош прокурори Қурбонбиби Атажанова қамоқда вафот этди

ҚУРБоНБИБИ АТАЖАНОВА. ижтимоий тармоқ фотосурати

Туркман Хельсинки Инсон ҳуқуқлари фонди маълумотларига кўра, 1997 йил апрелидан 2006 йил апрелигача Туркманистон Бош прокурори лавозимида ишлаган 78 ёшли Қурбонбиби Атажанова сентябрь ойида Тошҳовуз (Туркманистон) аёллар қамоқхонасида вафот этган.

Қурбонбиби Сенгреновна Атажанова 1947 йили Тежен шаҳрида туғилган. Олий юридик маълумот олганидан сўнг у туман прокурори ёрдамчисидан республика Бош прокурори даражасигача кўтарилган. 1997 йил апрель ойида Президент Сапармурод Ниёзов уни республика прокуратурасидаги энг юқори лавозимга тайинлаган.

Атажанова прокуратурада ишлаган вақтида назорат органини жазо тизимига айлантирган. Туркманбошининг беқиёс ишончидан баҳраманд бўлиб, у кенг кўламли қатағонларни амалга оширган, ҳуқуқ ҳимоячилари буни Ежов ва Берия таъқиблари билан тенглаштиришган. Айниқса, 2002 йил ноябрида гўёки Ниёзовга суиқасд уюштирилгани, юзлаб одамлар ҳибсга олинганидан сўнг, таъқиблар шафқатсиз бўлган.

Бироқ, 2006 йил 24 апрелда Атажанова вазирлар маҳкамаси мажлислар залида ҳибсга олинган. У коррупцияда айбланган: ундан 13 та турар-жой биноси, ғишт заводи, тегирмон, автомашиналар парки, олти миллион доллардан ортиқ пул ва бошқа мол-мулк мусодара қилинган. Кейин у «шармандали жиноят содир этгани учун» барча унвонлари ва давлат мукофотларидан маҳрум қилинган.

2006 йил декабрь ойида Атажанова ва унинг қизи Тошҳовуздаги аёллар колониясига ўтказилган. Ажабланарлиси шундаки, у ҳибсга олинишидан бироз олдин Бош прокурор сифатида текширган ва у ердаги шарт-шароитларни «курорт» деб таърифлаган қамоқхонага тушиб қолган. Жазо колониясида у «халқ душманлари» қариндошлари учун ажратилган махсус бўлимда сақланган.

Тошҳовуздаги аёллар қамоқхонаси ўзининг шафқатсиз шароитлари билан машҳур, бу ерда қийноқлар, калтаклар ва мажбурий меҳнат кенг тарқалган. Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, ҳозирда қамоқхонада 2000 дан ортиқ аёл жазо муддатини ўтамоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ