Ўзбекистон бозорлари пештахталаридан 130 тоннадан ортиқ сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари олиб қўйилди

Ўзбекистон ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси матбуот хизмати фотосурати

Жорий йил бошидан буён Ўзбекистон бўйлаб 300 та деҳқон бозорида ўтказилган рейдлар давомида 130 тоннадан ортиқ сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ва уйда тайёрланган таомлар олиб қўйилди. Яроқлилик муддати ўтган ва органолептик кўрсаткичлари стандартларга жавоб бермайдиган маҳсулотлар шулар жумласидандир, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси матбуот хизмати.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг стандартларга мувофиқлиги, озиқ-овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш, фуқароларнинг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш мақсадида бозор текширувлари ўтказилди. Тадбирларда қўмита ходимлари билан бирга ҳуқуқ-тартибот идоралари, солиқ инспекцияси, ветеринария хизмати вакиллари иштирок этди.

Ностандарт озиқ-овқат маҳсулотларини олиб қўйиш билан бир қаторда 514 нафар жисмоний шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган. Гўшт, сут, қандолат ва салатларни расталардан ташқарида, ҳимоя кийимсиз, тиббий кўрикдан ўтказмасдан сотган ва бошқа санитария қоидаларини бузган сотувчилар ва бозор эгаларига нисбатан жазо чоралари кўрилган.

Бундан ташқари қуйидаги камчиликлар аниқланган:

✔️ 111 та бозорда гўшт сотиш учун, яна 158 та бозорда сут маҳсулотлари учун махсус жиҳозланган павильонлар етишмайди;

✔️ 27 та бозорда ветеринария-санитария лабораториялари етишмайди;

✔️ 80 та бозорда жамоат ҳожатхоналари, яна 17 та бозорда вақтинча чиқинди йиғиш жойлари йўқ;

✔️ 80 та бозорда сув таъминоти, 142 та бозорда оқава сувларни йиғиш ва зарарсизлантириш тизими йўқ;

✔️ 77 та деҳқон бозорларида дезинфекция, дезартизация ва дезинсекция тадбирларини ўтказиш учун ваколатли ташкилотлар билан шартномалар тузилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати аввалроқ яроқлилик муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларига чегирмалар жорий этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаган эди. Низомга кўра, йирик савдо марказлари ва озиқ-овқат дўконларида ушбу маҳсулотлар учун алоҳида пештахталар ўрнатилади. Ушбу маҳсулотларнинг нархи ҳар 10 кунда пасайтирилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ