Қозоғистонда МДҲдаги энг йирик криптовалюта пул ювиш хизмати тугатилди

Freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистонда онлайн фирибгарлик ва гиёҳванд моддалар савдосидан олинган даромадларни легаллаштириш бўйича хизматлар кўрсатувчи «RAKS exchange» криптовалюта хизмати тугатилди, деб хабар беради Молиявий мониторинг агентлиги матбуот хизмати.

Хабарда крипто хизмати «МДҲдаги энг йирик» деб таърифланган. Агентлик маълумотларига кўра, у 5 миллиондан ортиқ фойдаланувчи аудиториясига эга бўлган 20 та йирик «Darknet»-маркетлари билан ҳамкорлик қилган.

Охирги уч йил ичида криптосервис МДҲ давлатлари — Қозоғистон, Россия, Украина ва Молдовадаги 200 дан наркошопларнинг жиноий даромадларини ювган.

Крипто алмашинувчининг умумий айланмаси 224 миллион доллардан ошган.

Ҳозирда унинг фаолияти бутунлай ёпилган: унинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари ўчирилган, мижозларни қўллаб-қувватлаш тўхтатилган ва Darknet форумларида наркошопларнинг молиявий мажбуриятлар бажарилмаётгани ҳақидаги кўплаб шикоятлари қайд этилди, дея таъкидлайди агентлик.

Агентлик хизмат ташкилотчиларини фош қилиш устида ишламоқда.

Шу ой бошида Молиявий мониторинг агентлиги раиси Жанат Элиманов президент Қосим-Жомарт Тўқаевга МДҲнинг энг йирик криптобиржаси тугатилгани ҳақида хабар берганди. Унга кўра, натижада 9,7 миллион долларлик виртуал активлар музлатилган.

Ҳозирда Қозоғистонда криптовалюта операциялари фақат Остона халқаро молия маркази доирасида фаолият юритувчи криптобиржаларда қонуний равишда амалга оширилиши мумкин. У ерда бир нечта крипто хизматлари, жумладан Binance маҳаллий филиали ва Bybit биржаси рўйхатдан ўтган. Жорий йил бошида Тўқаев эксперт маълумотларига таяниб, Қозоғистон крипто-инвесторларининг атиги 5 фоизи Марказ платформасидан фойдаланаётгани, қолганлари эса «яширин» зонада ишлаётганини таъкидлаганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ