Афғонистонда интернетнинг тўлиқ ўчирилиши банклар, транспорт ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини фалаж қилди

Афғонистоннинг Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги (ATRA) офиси. afintl.com сайти фотосурати

NetBlocks халқаро мониторинг хизмати хабарига кўра, 29 сентябрь куни бутун Афғонистон бўйлаб интернетга кириш узилиб қолган.

«Афғонистонда ҳозирда Интернет тўлиқ ўчиб қолган, чунки «Толибон»* аҳлоқни кўтаришга ҳаракат қилмоқда, натижада эрталаб бир неча тармоқлар босқичма-босқич ёпилди; ҳозирда телефон алоқалари ҳам узилиб қолган», — дейилади хабарда.

Афғонистон бўйлаб интернет ва телефон хизматининг йўқлиги дарҳол ҳукумат ва тижорат хизматларига, хусусан, банклар, божхона хизматлари ва телевидение тармоқларига таъсир қилган. Ўн минглаб мижозлар банк хизматларидан маҳрум бўлган, юзлаб йўловчилар аэропортларда қолиб кетган, пул ўтказмаларидан тортиб, божхона расмийлаштирувигача бўлган кўплаб муҳим операциялар якунланмай қолган.

Авиакомпаниялар Афғонистонга парвозларни вақтинча тўхтатган: алоқа йўқлиги сабабли экипажлар қўниш ва жўнаб кетиш маълумотларини ололмаган. TOLO, Shamshad, Lemar ва Tamadon каби йирик Афғонистон телеканалларининг сайтлари ва стриминг платформалари офлайн режимга ўтган. Фақат RTA ва Maarif каби толиблар назоратидаги каналлар эфирда қолмоқда. Халқаро агентликлар, жумладан AFP журналистлари мамлакат ичидаги ҳамкасблари билан алоқа узилганини тасдиқлаган.

Шаҳар ва қишлоқ аҳолиси қариндош-уруғлари билан боғланиш, товар пулини тўлаш, тиббий ёрдам олиш, масофадан туриб ўқиш ва ишлаш имкони йўқлигидан оммавий шикоят қилишмоқда.

▶️ Afghanistan International маълумотларига кўра, интернет толиблар етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзоданинг оғзаки буйруғи билан ёпилган. Афғонистоннинг Телекоммуникацияларни тартибга солиш агентлиги (ATRA) Roshan, Etisalat, Afghan Wireless ва Afghan Telecom провайдерларига мамлакат бўйлаб, жумладан Кобулда кенг полосали интернет хизматини кейинги топшириққа қадар бутунлай тўхтатишни буюрган.

Аввалроқ Иқтисодиёт, Молия вазирликлари ва Марказий банк вакиллари ўз муассасалари интернетсиз ишлай олмаслигини таъкидлаб, бутун мамлакат бўйлаб интернетни ўчириш қарорига қарши чиққан эди. Бироқ манбаларга кўра, Охундзода уларнинг далилларини рад этиб, янги тартиб босқичма-босқич жорий этилишини тушунтирган.

«Мулла Умар даврида интернет бўлмаган, лекин ишлар нормал давом этган. Шунинг учун биз энди муқобил усулларни топишимиз керак», — дея жавоб берган Охундзода.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.