Қаршининг «Насаф» жамоаси Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи 2-турида Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» жамоасига 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди.
Биринчи турда «Насаф» Саудия Арабистонининг бошқа бир клуби «Ал-Аҳли» билан меҳмонда майдонга тушди ва 2:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу сафарги ўйин Қаршида бўлиб ўтди, бироқ мутахассисларнинг фикрича, бу ҳал қилувчи омил бўлмаган: «Ал-Ҳилол» Осиёнинг энг қиммат клуби саналади ва таркиб қиймати бўйича «Насаф» дан 20 баравар қиммат туради.
Иккинчи дақиқада меҳмонлар Абдувоҳид Неъматов дарвозасини ишғол қилишди, аммо гол инобатга олинмади. Саудияликлар прессингда давом этишди ва 21-дақиқада Сергей Милинкович-Савич ҳисобни очди. Бироқ орадан беш дақиқа ўтиб Сардор Бахромов ҳисобни тенглаштирди. Биринчи бўлим охирида Тео Эрнандес «Ал-Ҳилол»ни яна олдинга олиб чиқди. 60-дақиқада Жавоҳир Сидиқов узоқ масофадан чиройли зарба йўллаб, ҳисобни тиклади, аммо мезбонлар дурангни ушлаб турмади: 79-дақиқада Маркос Леандро меҳмонларга ғалаба келтирган голга муаллифлик қилди.
Икки турдан кейин «Ал-Ҳилол» олти очко билан ўз гуруҳида пешқадамлик қилаётган бўлса, «Насаф» нол очко билан турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бормоқда.
Навбатдаги турда, 20 октябрь куни «Насаф» сафарда БААнинг «Шабаб Ал-Аҳли» клубига қарши баҳс олиб боради.
Бундан ташқари, 30 сентябрь ва 1 октябрь кунлари Осиё Чемпионлар Лигаси 2-гуруҳ босқичининг 2-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Ушбу турнирда «Андижон», Душанбенинг «Истиқлол», Туркманистоннинг «Аҳал» ва «Аркадаг» жамоалари ўзаро баҳс олиб боришади.