Қозоғистон Хитойдан транзит йўли ҳисобланмиш «Дўстиқ-Мўйинти» темир йўлининг иккинчи линиясини ишга туширди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев «Дўстиқ-Мўйинти» темир йўлининг иккинчи линиясини ишга туширди, деб хабар беради Оқўрда матбуот хизмати.

Бу йўналиш Қозоғистонни Хитойнинг Алашанкоуси билан боғлайди. Очилиш маросимида Тўқаев «деярли уч йил кечаю кундуз тинмай меҳнат қилган» қозоғистонлик ишчиларнинг машаққатли меҳнати туфайли темир йўл муддатидан аввал ишга туширилганини таъкидлади. Ушбу янги линия туфайли юк ташиш ҳажми беш баробар ортади.

«Экспорт товарларини етказиб бериш муддатлари қисқаради, транзит салоҳияти мустаҳкамланади», — деди Тўқаев.

Иккинчи линия очилгандан сўнг бутун йўналишнинг ўтказиш қобилияти суткада 12 жуфтдан 60 жуфт поездга, контейнерлар ҳаракати тезлиги эса кунига 1500 км гача кўтарилади. «Янги линияларнинг ишга туширилиши Қозоғистоннинг Хитой ва Европа ўртасидаги темир йўл транзитида устун мавқеини сақлаб қолишга ёрдам беради», — деб ёзади президент ёрдамчиси Руслан Желдибай Telegram-каналида.

Жами Қозоғистон 2027 йилгача 1700 километрдан ортиқ янги темир йўл қуришни режалаштирмоқда. Хитойдан юк ташишни тезлаштириш учун Олмаота атрофида айланма йўл қурилиши ҳам шу йил якунланиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ