Ўзбекистонда ёпиқ судларда кўриб чиқилаётган маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик жорий этилди

daryo.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда ёпиқ суд муҳокамасида кўриб чиқилаётган маълумотлар ва тафсилотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилди. Энг юқори жазо уч йилгача қамоқ жазоси. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 26 сентябрь куни имзоланган тегишли қонун кучга кирди, деб ёзади «Газета.uz».

Ҳужжатда амалдаги қонунчиликка бир қатор ўзгартиришлар киритилган. Хусусан, Жиноят-процессуал кодексига ёпиқ суд муҳокамаси иштирокчилари суднинг махсус рухсатисиз суд мажлисида тақдим этилган маълумотларни ошкор этмаслик борасида огоҳлантирилишини назарда тутувчи 402-1-модда қўшилган. Махфийликни сақлашга мажбур бўлган шахслар расмийларга ёзма тилхат берадилар.

Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 239-моддасига «ёпиқ суд муҳокамаси» атамаси киритилган. Энди у шундай дейилади: «Суриштирув, дастлабки тергов ёки ёпиқ суд мажлиси маълумотларини ошкор қилиш».

Қоидабузарлар 50 базавий ҳисоблаш миқдори — 20,6 миллион сўм (1700 АҚШ доллари) миқдорида жарима, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан жорий йил 22 апрелда қабул қилинган ва 28 майда Сенат томонидан маъқулланган янги қонунга киритилган ўзгартишлар инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, шахсий ҳаёти, шахсий ва оилавий сирлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилгани таъкидланган.

Февраль ойида қонун лойиҳаси парламентда муҳокама қилинаётганда Республика Олий суди раиси ўринбосари Шуҳрат Полванов мазкур ҳужжат амалдаги суд амалиётидаги муаммолар туфайли ишлаб чиқилганини таъкидлаган эди. Унга кўра, Фуқаролик процессуал, Маъмурий процессуал кодекслар ва бошқа меъёрий ҳужжатларда давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа маълумотларни ҳимоя қилиш зарур бўлса, суд мажлисларини ёпиқ эшиклар остида ўтказишга рухсат берувчи қоидалар мавжуд. Бироқ, бу кодекслар ёпиқ суд мажлисларида иш ҳолатларини муҳокама қилишда махфийликни сақлаш мажбуриятларини белгиламаган.

Олий суд вакили, шунингдек, қонун лойиҳаси бошқа мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилганини алоҳида таъкидлади. У Қирғизистон, Қозоғистон ва Сингапурни мисол қилиб келтирди. Охирги мамлакатда, дейди расмий, бундай қоидабузарлик учун 5000 доллар жарима ёки 12 ойгача қамоқ жазоси назарда тутилган.