Тошкент вилоятида заҳарланиш ташхиси билан касалхонага ётқизилган барча боғча тарбияланувчилари шифохоналарни тарк этди ва уйларига жўнатилди. Беморлар тузалиб кетишди, уларнинг соғлиғига ҳеч қандай хавф йўқ. Бу ҳақда 30 сентябрь куни Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (ММТВ) матбуот хизмати хабар берди.
Бир неча кун аввал хабар қилинганидек, вилоятнинг бир қанча туманларидаги 1940 нафар боғча болалари шифохоналарга етказилган, уларнинг ярмидан кўпроғига тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйларига жўнатилганди. Расмий маълумотларга кўра, 28 сентябрь куни эрталаб 182 нафар бола тиббий кузатувда қолган; 29 сентябрда бу рақам 38 тага камайган.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, оммавий заҳарланиш ҳолатлари қайд этилган барча болалар боғчалари 2 октабрдан нормал иш фаолиятини бошлайди.
Вазирликнинг аниқлик киритишича, амалдаги қонунчиликка кўра, мактабгача таълим муассасаларида овқатланиш хусусий компаниялар томонидан аутсорсинг тизими орқали таъминланади. Бундан ташқари, шартнома санитария талаблари ва стандартларига риоя қилишни талаб қилади.
Шу билан бирга, мутасаддилар Тошкент вилоятида содир бўлган воқеа учун жавобгарликни ўз зиммаларига олишларини тушуниб, озиқ-овқат сифати назоратини кучайтиришмоқда. Хусусан, жараёнга ота-оналар, экспертлар ва журналистлардан иборат жамоат комиссияси жалб этилади. Ишчи гуруҳ хулосалари мунтазам равишда омма эътиборида ҳавола қилинади.
Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда фавқулодда ҳолат сабаблари ўрганилмоқда. Озиқ-овқат етказиб берувчилар томонидан камчиликлар аниқланса, тегишли шартномалар қайта кўриб чиқилади ёки бекор қилинади, дея огоҳлантирди вазирлик.
«Фарзандларимиз саломатлиги – бу энг катта масъулият. Санитария талаблари ёки озиқ-овқат сифатига риоя қилмаслик орқали харажатларни камайтиришга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди», — деди вазирлик.
ℹ️ Тошкент вилоятидаги болалар боғчаларида содир бўлган оммавий заҳарланишдан биринчи жабрланганлар 24 сентябрь куни шифокорларга мурожаат қила бошлаган. Дастлабки тиббий кўриклар хулосаси асосида бемор болаларга «ошқозон ичак фаолиятининг ўткир функционал бузилиши, овқат токсикинфекцияси» ташхиси қўйилган. Дастлабки маълумотларга кўра, болалар саломатлигининг ёмонлашишига сифатсиз сут маҳсулотлари, хусусан, ёғлилиги 3,2 фоиз бўлган кефир сабаб бўлган.
Заҳарланиш ҳолати юзасидан жиноий иш очилган. Кейинроқ гумонланувчилар ҳақидаги маълумотлар эълон қилинди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари етти кишини ҳибсга олган. Улардан 3 нафари ҳодисага айбдор экани айтилаётган сут маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхона ходимлари, қолганлари эса мактабгача таълим муассасаларига озиқ-овқат етказиб берувчи компаниялар вакилларидир.