АҚШ Давлат департаменти Туркманистонни мажбурий меҳнатни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқарди

tass.ru сайти фотосурати

АҚШ Давлат департаменти Туркманистонни «одам савдоси»нинг ҳар қандай шакли, хусусан, мажбурий меҳнатни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқарди. Ушбу мавзу бўйича янгиланган ҳисобот АҚШ департаменти сайтида эълон қилинди.

Ҳужжатда тушунтирилишича, Қўшма Штатлар одам савдосининг иккита асосий шаклини тан олади: жинсий эксплуатация ва мажбурий меҳнат учун одам савдоси.

Таҳлилчилар турли мамлакатлардаги вазиятни ўрганиб, уларни бир неча тоифаларга ажратадилар. Мисол учун, ҳукуматлари одам савдосига қарши кураш стандартларига риоя қиладиган мамлакатлар рўйхати мавжуд, бошқасида ҳукуматлари бундай салбий ҳодисаларни йўқ қилишга ҳаракат қилаётган мамлакатлар санаб ўтилган ва ҳоказо.

Давлат департаменти, шунингдек, қишлоқ ёки ўрмон хўжалигида мажбурий меҳнат, лагерларда жинсий қуллик ёки болаларни аскарликка ёллаш сиёсати ёки усулларини қўллайдиган мамлакатларнинг алоҳида рўйхатини тузади.

Ўтган йилги ҳисоботда Туркманистон ҳам шу тоифага киритилган эди. Энди у махсус мониторинг талаб қилинадиган давлатлар рўйхатига кўчирилди. Эслатиб ўтамиз, тегишли рўйхатга Марказий Осиёнинг яна бир давлати – Қирғизистон ҳам киритилган. Минтақадаги қолган постсовет республикалари иккинчи даражали гуруҳга жойлаштирилган. Яъни, бу ерда ҳукуматлар одам савдосига қарши кураш қоидаларига тўлиқ риоя қилмаётгани, бироқ вазиятни тўғирлаш учун ҳаракат қилаётгани таъкидланади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ расмийларига кўра, «энг ёмон» рўйхатдаги давлатлар сони ўзгаришсиз қолмоқда —улар ўн учта. Бироқ, битта ўзгариш қайд этилган: Туркманистон ўрнига Камбоджа киритилган. «Башар Асад режими» ёрлиғи остида рўйхатга олинган Афғонистон, Беларусь, Хитой, Шимолий Корея, Эрон, Россия, Эритрея, Судан, Жанубий Судан, Куба, Мьянма ва Сурия «барқарор» деб баҳоланган.

Мисол тариқасида Хитойнинг Шинжондаги хавфсизлик кучлари уйғурлар, қозоқлар, қирғизлар ва бошқа этник ва диний озчилик вакилларига нисбатан турли зулмларни ўтказаётгани ҳақида маълумотлар келтирилади. Улар меҳнатга мажбурланади, махсус лагерларга жойлаштирилади ва ҳоказо.

2025 йилги ҳисоботда Ўзбекистон одам савдосига алоқадор давлат амалдорларига нисбатан жазо чоралари кучайтирилган давлат сифатида алоҳида тилга олинади. Журналистларнинг эслатишича, 2022 йили болалар уйи директори ва муассаса аҳолисини жинсий эксплуатация қилишда айбланган икки амалдор қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бироқ, жиноятчилар Жиноят кодексида назарда тутилганидан кўра енгилроқ жазога тортилган, дея қўшимча қилади АҚШ Давлат департаменти таҳлилчилари.