БМТ миссияси толибларни Афғонистонда интернетни тиклашга чақирди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси (United Nations Assistance Mission in Afghanistan) толибларни* бутун мамлакат бўйлаб интернет ва телекоммуникациялардан фойдаланишни зудлик билан тўлиқ тиклашга чақирди, деб хабар беради UNAMA матбуот хизмати.

UNAMA маълумотларига кўра, 16 сентябрдан бери Афғонистоннинг айрим ҳудудларида интернет ва мобил алоқа хизматларида кенг миқёсда узилишлар кузатилган. 29 сентябрь куни мамлакат бўйлаб, жумладан, пойтахт Кобулга ҳам ҳеч қандай олдиндан огоҳлантирилмасдан интернет ўчирилган. Бу Афғонистоннинг ташқи дунёдан бутунлай узилиб қолишига олиб келган.

БМТ миссияси таъкидлашича, интернетдаги узилишлар узоқ вақтдан бери дунёдаги энг оғир гуманитар инқирозлардан бирини бошдан кечираётган мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигига таҳдид солмоқда.

Интернет йўқлигининг энг жиддий оқибатлари банк ва молия тизимларидаги узилишлар, шошилинч тиббий ёрдам олиш имконияти чекланиши, авиациянинг фалаж бўлиши ва маблағларга қарам бўлган оилалар учун пул ўтказмаларининг кечикиши мисолида намоён бўлмоқда. Мобил алоқанинг ўчирилиши аёллар ва қизлар изоляциясини янада кучайтириб, сўз эркинлиги ва ахборотдан фойдаланишни янада чеклаётгани алоҳида таъкидланади.

UNAMA телекоммуникация табиий офатлардан эрта огоҳлантирувчи ва мувофиқлаштирувчи ёрдамни таъминловчи муҳим тизим эканини эслатади. Бу, айниқса, Афғонистон шарқида рўй берган кучли зилзилалардан кейинги сўнгги кунларда, шунингдек, қўшни давлатлардан қочқинларнинг кенг миқёсда ватанга қайтаётгани муносабати билан ўта долзарбдир.

БМТ миссияси бундай чекловлар нафақат инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини поймол этишини, балки фуқароларнинг ҳаётига, айниқса, оғир вазиятларда бевосита хавф туғдиришини таъкидлайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши мандатига мувофиқ, UNAMA Афғонистон ҳукумати билан мамлакат аҳолисига максимал даражада ёрдам кўрсатиш учун алоқаларни давом эттирмоқда.

Афғонистондаги интернет билан боғлиқ вазиятга бошқа халқаро ташкилотлар ҳам муносабат билдирган. Хусусан, Human Rights Watch ташкилоти интернетга боғланишдаги чекловлар афғонларнинг асосий ҳуқуқларини хавф остига қўяётганини, уларни таълим, соғлиқни сақлаш, савдо ва ахборот олишдан маҳрум қилаётганини таъкидлайди. Онлайн дарслар таълим олишнинг ягона йўли бўлган ва онлайн иш билан таъминланиш ягона даромад манбаи бўлган қизлар ва аёллар, айниқса, қаттиқ жабр кўрмоқдалар.

«Интернет ўчирилиши толибларнинг шафқатсиз гендер апартеид тизимида фаолият юритиб, афғон аёллари ва қизларини дунёнинг қолган қисмидан узиб қўйишга қаратилган навбатдаги уринишидир», — дейди Малала жамғармаси ҳаммуассиси, Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Малала Юсуфзай. — Ишончли интернет алоқаларисиз улар ўз дарсларига қатнаша олмайдилар, синфдошлари ва ўқитувчилари билан мулоқот қила олмайдилар. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. [Бошқа мамлакатлар ҳукуматлари] Интернетга киришни тиклаш, афғон қизлари ва аёлларининг асосий ҳуқуқлари, хусусан, таълим олиш ҳуқуқини тикланиши учун толибларга зудлик билан максимал даражада босим ўтказишлари керак».

▶️ Афғонистон матбуотига кўра, «Толибон» етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзоданинг оғзаки буйруғи билан интернет узилган. Афғонистон телекоммуникация компаниялари мамлакат бўйлаб интернет узилиши мамлакат олий раҳбариятининг бевосита буйруғи билан амалга оширилганини тасдиқлади.

Афғонистон бўйлаб интернет ва телефон хизматининг йўқлиги дарҳол ҳукумат ва тижорат операцияларига таъсир қилди. Мамлакат аҳолиси асосий хизматлардан ва ташқи дунё билан алоқадан маҳрум бўлди. Хориждаги афғонлар ватандаги қариндошларига пул жўната олмаяпти. Хорижда даволанмоқчи бўлганлар афғон банкларидан фойдалана олмаётгани ва тиббий хизматлар учун пул тўлай олмаётгани сабаб, касалхонага ётиш ва жарроҳлик амалиётини кейинга суришга мажбур бўлмоқдалар.

Аксарият телеканаллар фаолиятини тўхтатди. 30 сентябрь куни Кобул аэропортида барча рейслар бекор қилинди. Фақат 1 октабр куни маҳаллий Kam Air авиакомпанияси йўловчилар маълумотларини қўлда қайта ишлаб, баъзи йўналишларга парвозларни қайта тиклаш режасини эълон қилди.

Zawia News хабарига кўра, Афғонистоннинг чегарадош вилоятлари аҳолиси қўшни давлатлар орқали интернет тармоғига уланишга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Қандаҳор вилоятининг Дуранд линияси яқинида жойлашган Спин Булдак туманида ўнлаб одамлар Покистон интернетидан яқинлари билан боғланиш ва хабар юбориш учун фойдаланмоқда. Маҳаллий аҳолидан бири касал онасининг аҳволи ҳақида Европадаги акасини WhatsApp орқали хабардор қилиш учун махсус Қандаҳордан туманга келган, чунки у шундай йўл билангина ўз оиласи билан алоқада бўла олади.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.