Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига Буюк Британиянинг David Aaron галереясидан совға сифатида милоддан аввалги даврларга оид қимматбаҳо маржонлар тўплами топширилди, деб хабар беради Марказ матбуот хизмати.
Совға тақдимоти «Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори» форуми якунлари бўйича марказ музейига экспонатларни топшириш маросимида бўлиб ўтди.
Ҳадя қилинган буюмлар орасида қимматбаҳо тошлар билан безатилган олтин маржон, эллинистик даврга оид туркуаз ва қора ҳошияли ақиқдан ясалган маржон ҳамда ақиқ тошлари қўлланилган олтин маржонлар мавжуд. Таъкидланишича, бундай заргарлик буюмлари кўпинча совға сифатида эмас, балки айирбошлаш ва пул воситаси сифатида ҳам ишлатилган.
«Маржонлардан иккитаси милоддан аввалги III-I асрларга тўғри келувчи Эллинистик даврга тегишли. Ушбу давр заргарлик санъатининг ривожланган даври сифатида эътиборлидир. Яна бири эса ундан анча олдинги, эҳтимол, милоддан аввалги биринчи мингйилликда Бақтрия ҳудудида яратилган бўлиши мумкин. Бу тақинчоқлар турли устахоналарда ишланган бўлиб, уларда турли минтақалардан олиб келинган тошлар қўлланилган», – дейди галерея вакили Соломон Аарон.
Артефактларни топшириш маданий меросни тиклаш ва тарғиб қилиш бўйича халқаро дастурнинг бир қисмидир. «Бу тарихимизни асраб-авайлашга қўшилган салмоқли ҳиссадир», – деди галерея вакили. Артефактлар музей залларига жойлаштирилганган ва улар доимий кўргазманинг бир қисмига айланади.
David Aaron галереяси исломий санъат ва Марказий Осиё қадимги буюмлари йўналишида узоқ йиллик тажрибага эга бўлиб, музей даражасидаги ашёларнинг ишончли манбалардан олинишига алоҳида эътибор қаратади.
«Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори» мавзуидаги икки кунлик форум Шавкат Мирзиёев таклифи билан ташкил этилди. Тадбирда 20 дан ортиқ давлатдан 200 дан ортиқ олим ва экспертлар иштирок этди. ТУРКСОЙ, ISESCO, IRSICA, Al-Furqan каби миллий ва халқаро илмий ташкилотларнинг вакиллари эксперт сифатида иштирок этди.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.