Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) Британиянинг Momtaz Islamic Art галереяси коллекциясидан XVIII аср бошларига мансуб қанд болтасини совға сифатида қабул қилди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.
Узунлиги 31 см бўлган болта эронлик ҳунармандлар томонидан ўйма пўлатдан ясалган. У ўша даврда тўй ва тантаналарда ширинликлар олиб кириш, зиёфатларни безашда қўлланилган.
Артефакт 26-27 сентябрь кунлари ИЦМда бўлиб ўтган «Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори» халқаро форуми якунлари бўйича махсус маросимда коллекционер Ирина Момтаз томонидан шахсан тақдим этилди.
«Сизнинг музейингиз дунёда илк бор барча ашёларни яхлит ҳолда, бир бутун тарихий манзарада намоён эта олган. Экспонатлар гўё тирикдек кўринди, бу ҳолатни бошқа музейларда ҳеч қачон кўрмаганман», — деди Ирина Момтаз совғани тақдим этаркан. Болта ИЦМ коллекциясини яна бир артефактга бойитади.
«Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори» мавзуидаги форум Шавкат Мирзиёев таклифи билан ташкил этилди. Тадбирда 20 дан ортиқ давлатдан 200 дан ортиқ олим ва экспертлар иштирок этди. ТУРКСОЙ, ISESCO, IRSICA, Al-Furqan каби миллий ва халқаро илмий ташкилотларнинг вакиллари эксперт сифатида иштирок этди.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.