«Маҳалла» хайрия фонди Ислом цивилизацияси марказига нодир қўлёзмаларни совға қилди

Қўлёзмаларни топшириш маросими. cisc.uz сайти фотосурати

«Маҳалла» хайрия фонди Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига тарихий аҳамиятга эга бўлган иккита қўлёзмани совға қилди, деб хабар беради ИЦМ матбуот хизмати.

Ҳозирда Марказ коллекциясидан 1920 йили ёзилган «Ҳазрати Шоҳмардон ва Саййид Баттол Ғозий» достони ва Умар Рушайдийнинг шогирди эронлик хаттот Мир Муҳаммад Нурий томонидан 1872 йили Шарқий Озарбайжонда кўчирилган Қуръони Карим ўрин олди. Қўлёзма зарҳал ҳошиялар билан безатилган.

«Ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак асоси» халқаро форуми доирасида бўлиб ўтган совға топшириш маросимида фонднинг Республика бошқармаси раиси Дилшодбек Усмонов қўлёзмаларнинг совға қилиниши ИЦМ фаолиятига қўйилган камтарона ҳисса эканини таъкидлади. Бу кўргазмалар ташриф буюрувчилар учун «маънавий озуқа ва маърифат манбаи бўлишига» умид билдирди.

Иккала қўлёзма ҳам Марказ музейи кўргазмасида намойиш этилади.

ℹ️ «Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси» мавзуидаги форум Шавкат Мирзиёев таклифи билан ташкил этилди. Тадбирда 20 дан ортиқ давлатдан 200 дан ортиқ олим ва экспертлар иштирок этди. ТУРКСОЙ, ISESCO, IRSICA, Al-Furqan каби миллий ва халқаро илмий ташкилотларнинг вакиллари эксперт сифатида иштирок этди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ