Ўзбекистонда турар-жой мулкига эгалик қилган ёки ижарага олган ва йил давомида мамлакатда 30 кундан ортиқ бўлган чет эл фуқароларига солиқ резиденти мақоми берилади. Бу Президентнинг 4 октябрь куни имзолаган қарорида кўзда тутилган, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.
Амалдаги қоидаларга кўра, кетма-кет исталган 12 ой ичида мамлакатда 183 кундан ортиқ бўлган чет эл фуқаролари, агар бу муддат уларнинг мақоми белгиланган солиқ йили билан боғлиқ бўлса, Ўзбекистоннинг солиқ резиденти ҳисобланади.
Президентнинг айни фармони билан 2026 йил 1 январдан бошлаб чет эл фуқаролари учун алоҳида солиқ режими жорий этилиб, хориждан олинадиган даромадлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади. Ушбу имтиёздан 50 000 АҚШ доллари миқдорида махсус йиғим тўлаган ва махсус ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағини ёки махсус ваколатли крипто-биржада крипто-ҳамёнини очган хорижликлар фойдаланиши мумкин.