Ўзбекистон Сенати Фарғона вилоятида аёлнинг таҳқирланиши билан боғлиқ ҳодисани ўз назоратига олди

Kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Сенати Фарғона вилояти Фурқат туманидаги мактаб директорининг ҳибсга олиниши ва омма олдида таҳқирланиши билан боғлиқ ҳодисани ўз назоратига олди. Бу ҳақда Олий Мажлис юқори палатаси (Ўзбекистон парламенти) матбуот хизмати хабар берди.

Воқеа шу йилнинг 17 апрель куни содир бўлган. Kun.uz хабарига кўра, ўша куни Фурқат туманидаги 29-мактаб директори Гулираъно Қосимова йўл-транспорт ҳодисасида жабрланган турмуш ўртоғини иккинчи операция қилиш учун қарз сўраб, туман солиқ инспекцияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмоновнинг қабулхонасига келган. Шу пайт офисга фуқаро кийимидаги ички ишлар ходимлари бостириб киришади. Улар Қосимова ва Абдураҳмоновларни калтаклаб, ечинтиришади ва уларни яланғоч ҳолда видеога олишади. Қосимовадан Абдураҳмонов уни жинсий алоқа қилишга мажбурлагани ҳақида ариза ёзишни сўрашади, бироқ аёл калтакланганига ва унинг эрига хотини «бошқаси билан дон олиши» борасидаги гаплар етказилишига оид таҳдидларга қарамай, Абдураҳмоновга туҳмат қилишдан қатъиян бош тортади.

Кейинроқ маълум бўлишича, бу воқеа Абдураҳмонов билан зиддиятда бўлган Фурқат тумани ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаевнинг қасддан уюштирган провокацияси бўлган. Хўжаев Қосимованинг солиқ инспектори ҳузурига боришидан фойдаланиб, Абдураҳмоновни ҳибсга олиш ва уни аёлни жинсий зўрлашга уринганликда айблаш учун фойдаланмоқчи бўлган.

Мазкур воқеадан сўнг Гулираъно Қосимова чуқур руҳий тушкунликка тушади, аммо даволанишдан сўнг адолат учун курашишга қарор қилади ва воқеани оммага ошкор қилади. Қосимованинг сўзларига кўра, туман Ички ишлар бўлими ходимлари унга жим туриши учун 50 минг долларгача пул таклиф қилишган ва у рад жавобини берганидан сўнг унинг ёш болаларига нисбатан таҳдидлар бўлган. Шунга қарамай, у воқеага алоқадор барча шахсларни жавобгарликка тортишни талаб қилган.

Натижада, июнь ойида Фурқат тумани ички ишлар бўлимининг собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг ўринбосари Жасур Расуловга нисбатан жиноий иш очилган. Уларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир қанча моддалари, жумладан, шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш (141-1-модда 2-қисм), инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотларни ошкор қилиш (141-3-модда 2-қисм), мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (206-модда, 1-қисм) ва тезкор-қидирув фаолияти натижаларини қалбакилаштириш (230-2 модда 1-қисм) билан айбланган.

Хўжаев ва Расулов дастлаб ҳибсга олинган, бироқ кейинроқ 15 миллион сўм (тахминан 1200 доллар) гаров эвазига қўйиб юборилган. Ҳозирда тергов якунланиб, жиноят иши судга юборилган.

Ишда асосий далил Гулираъно Қосимова ва Қурбонали Абдураҳмоновлар жинсий алоқада бўлмаганликларини тасдиқловчи видеокузатув камералари тасвирлари бўлган. Бунинг ўрнига, зобитлар уларга жисмоний ва руҳий зўравонлик қилишган. Кадларда аёлнинг ечинишга мажбурлангани, эркак эса калтаклангани акс этган. Шунингдек, «қўлга олинганлик» ҳақидаги хабар 102 тезкор хизматига соат 17:21 да келиб тушгани, Қосимованинг ўзи ички ишлар бўлимига соат 16:58да олиб келингани, навбатчи эса гўё қўнғироқни соат 17:00 да қабул қилгани, бу ҳужжатлар қалбакилаштирилганидан далолат беради.

Шу билан бирга, Расулов ва ҳодисага алоқадор бир неча зобитлар ўз лавозимларини сақлаб қолишган ва жиноий жавобгарликдан озод қилинган. Қосимова воқеанинг барча иштирокчилари жазоланиши кераклигини таъкидламоқда.

Фарғона вилоят прокуратураси Kun.uz нашрига суриштирув ишлари давом этаётганини тасдиқлаган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Феруза Эшматова) ҳам ушбу ҳолатга эътибор қаратди.

«Омбудсман инсонийликка қарши бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни қатъий қоралайди ҳамда мазкур ҳолатга алоқадор бўлган ҳар бир шахсларнинг қилмиши ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланишини сўрайди», — дейилади Омбудсман сайтидаги баёнотда.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси «қонун бузилиши ҳолатининг ҳар қандай кўринишига муросасиз эканини» эълон қилди ва «Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қонуний қарор қабул қилиниши юзасидан тегишли парламент назорати» ўрнатди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ